Тошкентда мукофот жамғармаси 12 000 евро бўлган шахмат фестивали бошланди

Тошкентда мукофот жамғармаси 12 000 евро бўлган шахмат фестивали бошланди

Жорий йил 20-29 сентябрь кунлари Тошкентда Марказий Осиё шахмат фестивали бўлиб ўтади. Унда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон ҳамда Ўзбекистоннинг энг кучли шахматчилари ўртасида мусобақалар ташкил этилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон шахмат федерацияси матбуот хизматининг хабар беришича, мукофот жамғармаси 12 000 евро бўлган ушбу мусобақа шахматчилар учун рейтингли экани билан аҳамиятлидир. Мусобақа Низомига кўра ўғил болалар ўртасида чемпион бўлган шахматчи 3 000 евро, қизлар ўртасида мутлақ чемпион эса 1 500 евро мукофот пули билан тақдирланади. 200 нафарга яқин шахматчи иштирок этаётган фестивалда стандарт ва рапид йўналишлари бўйича мусобақалар ўтказилмоқда.

ФИДЕ, «Росатом» ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган ушбу мусобақада 20 ёшгача бўлган ҳамда ўғил болалар орасида 1 800, қизлар ўртасида эса 1 600 рейтинг баллидан юқори кўрсаткичга эга ақл-идрок соҳиблари қатнашиш ҳуқуқига эга. 9 турдан иборат баҳсларда ҳар бир қатнашувчига партия охиригача 90 дақиқа вақт берилади. Ҳар бир юриш учун назорат вақти эса 10 дақиқа этиб белгиланган.

Бугун соат 12:00да Ўзбекистон шахмат федерацияси биносида мусобақа олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда ФИДЕ президенти маслаҳатчиси, Осиё шахмат федерацияси вице-президенти Берик Балгабаев, Марказий Осиё шахмат федерациясининг 3/4 зонаси президенти, халқаро тоифадаги ҳакам Ҳусан Турдиалиев ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Шундан сўнг мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқиб, бўлажак мусобақада барчага омад ва зафарлар тилади. Сўнгра фахрий меҳмон рамзий юриш билан мусобақани бошлаб берди.

Марказий Осиё шахмат фестивали ғолиблари 29 сентябрь куни маълум бўлади.

Manba: zamin. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!