Тошкентда «Ҳизб ут-Таҳрир» террористик ташкилоти аъзолигида гумон қилинган 12 киши ушланди

Тошкентда «Ҳизб ут-Таҳрир» террористик ташкилоти аъзолигида гумон қилинган 12 киши ушланди

17 сентябрь куни, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан Тошкент шаҳрида 12 нафар «Ҳизб-ут Таҳрир» диний экстремистик ташкилоти аъзолари сифатида гумон қилинган шахсларнинг жиноий фаолиятига чек қўйишга қаратилган тезкор тадбирлар ўтказилиб, ушланди ва қамоққа олинди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, мазкур шахслар Олмазор, Учтепа, Яшнобод ва Юнусобод туманларида истиқомат қилувчи фуқаролар ҳисобланади.

Маълум қилинишича, ушланган шахсларнинг барчаси Юнусобод туманида истиқомат қилувчи Р. У. нинг (1980 й.т.) ғоявий таъсири остида экстремистик фаолият билан шуғулланиб келганлар.

Қайд этилишича, Р. У. ва унинг жиноий алоқалари интернет ижтимоий тармоғи орқали Украина давлатида яшириниб келаётган Қирғизистонда туғилган, «Махмуд Абдулмўмин» тахаллусли — Махмуджон Холдаров (1980 й.т.) билан алоқа ўрнатган.

«Унинг маърузалари ва „Ҳизб-ут Таҳрир“ экстремистик ташкилоти материалларини аҳоли орасида тарқатиш ҳамда унинг кўрсатмалари асосида „таҳрирчилар“ сафига янги аъзоларни ёллаш билан шуғулланиб келганлар. Шунингдек, улар республикада „Халифалик“ давлатини қуриш тўғрисидаги ғояларни доимий равишда тарғиб қилишган», — дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, мазкур шахсларнинг яшаш манзилларида ва уяли алоқа воситаларида «Ҳизб-ут Таҳрир» диний экстремистик ташкилотининг адабиётлари ва материаллари мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда уларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва жавобгарликка тортиш мақсадида тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!