Тошкентда гиёҳванд моддаларни тарғиб қилувчи баннер олиб ташланди

Тошкентда гиёҳванд моддаларни тарғиб қилувчи баннер олиб ташланди

Аввалроқ Тошкентда гиёҳванд моддалар сотиладиган сайтни реклама қилувчи баннерлар аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Тошкент шаҳридаги бир нечта кўчада ўрнатилган реклама баннерларида гиёҳванд моддалар сотиладиган сайтга олиб кирувчи QR-кодлар тасвирлангани аниқланди. Кўплаб журналистларнинг мурожаатидан келиб чиқиб Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ушбу ҳолат назоратга олинганини маълум қилди.

«Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматига кўплаб нашрларнинг журналистлари пойтахт кўчаларидаги баннерларда гиёҳванд моддалар ва психотроп воситаларнинг яширин рекламаси кетаётгани тўғрисида мурожаатлар келиб тушмоқда.

Сизга шуни маълум қиламизки, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати Жиноят қидирув бўлимининг гиёҳванд моддаларга қарши курашиш бўлимига журналистларнинг мурожаатлари бўйича маълумотларни тақдим этди. Яшнобод туманига ўрнатилган баннер олиб ташланган. Айни вақтда бу турдаги баннерларни ўрнатишга буюртма берган шахслар ва баннерлар реклама берувчи томонидан хатолик туфайли ёки атайлаб ўрнатилгани аниқланмоқда», — дейилади хабарда.

ИИББ матбуот хизмати қўшимча маълумотлар ҳақида кейинроқ хабар беришини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Instagram’даги саҳифасида обуначилари сони айни пайтда 783 мингдан ортиқ бўлган ўзбекистонлик блогер қиз мазкур баннерларда реклама қилинаётган конкурс ҳақида аввалроқ ўз саҳифасида хабар қилганди. Блогер Шаҳзода Салимжонованинг айтишича, у дастлаб бу гиёҳванд моддалар рекламаси эканлигини билмаган. Айни пайтда конкурс ташкилотчисининг саҳифаси ўчириб қўйилган.

Таъкидланишича, бундай реклама баннерлари нафақат Тошкентда, балки Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги шаҳарларда ҳам аниқланган. Хусусан, баннер ва билбордлар Олмаота, Чимкент, Қарағанда, Уст-Каменогорск, Самарқанд, Душанбе, Бишкек ва Ўш шаҳарларида ҳам мавжудлиги қайд этилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!