Тошкентда бепул метро куни ва автомобилсиз кун тадбирлари ташкил этилади

Тошкентда бепул метро куни ва автомобилсиз кун тадбирлари ташкил этилади

2019 йилда Тошкент биринчи марта ҳар йили 16-22 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган ва дунёнинг 50га яқин мамлакат иштирок этадиган Европа ҳаракатланиш ҳафтасининг расмий иштирокчисига айланди.

«Ўзбекистон темир йўллари» хабарига кўра, Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси кўмагида Тошкент шаҳри ҳокимлиги Тошкентда бўлиб ўтадиган Европа ҳаракатланиш ҳафтаси доирасидаги тадбирларнинг ташаббускори ҳисобланади.

16-22 сентябрь кунлари пойтахтда турли хил ҳаракат усулларини тарғиб қилиш ва оммалаштириш орқали аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган тадбирлар режалаштирилган. Ташкилотчилар пойтахт аҳолиси ва меҳмонларини иккита кампанияда иштирок этишга таклиф қилмоқдалар:

Бепул метро куни

2019 йил 19 сентябрь, Тошкент метросининг барча станциялари

Метродан фойдаланишни оммалаштириш учун 19 сентябрь куни метрода саёҳат бепул бўлади. Шу куни станциялардаги ўтишлар мусиқачилар, актёрлар ва бошқа кўнгилочар дастурларнинг саҳнасига айланади. Акция ташкилотчилари пойтахт аҳолиси шу куни ўз машиналарини қолдириб, ишхоналарига метрода боришга қарор қилиб ушбу транспорт турининг тежамкорлиги ва тезлигини юқори баҳолашади, деб умид қилишмоқда.

Автомобилсиз кун

22 сентябрь, Тошкент шаҳри, Лутфий кўчаси

22 сентябрь куни пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари ўзларининг машиналарини ташлаб, пойтахтнинг Учтепа тумани, Лутфий кўчаси бўйлаб пиёда сайр қилишга таклиф этилади. Иштирокчилар байрамона муҳитдан завқланиб, турли кўнгилочар ва маърифий тадбирларда қатнашишлари учун кўча кун бўйи автомобиллар учун ёпиқ бўлади. Шу куни шаҳарда ҳаракатланиш, хавфсизлик, пиёдалар, велосипедчилар ва ҳайдовчилар ўртасидаги ўзаро ҳурматнинг муҳимлиги мавзусида мастер-класслар ва мини-мусобақалар бўлиб ўтади. Автомобилсиз кун «Сеул» боғидаги байрам концерти билан якунланади. Ушбу кун тадбирлари «Бирга юрамиз!» шиори остида ўтказилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!