Тошкентда бекатда ухлаган аёл ўз оиласи бағрига қайтарилди

Тошкентда бекатда ухлаган аёл ўз оиласи бағрига қайтарилди

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси жорий йилнинг 22 июнь куни интернет тармоқларида чоп этилган "Бекатда ухласа ўзбек аёли" номли мақола юзасидан батафсил изоҳ берди, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбири.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ушбу мақола қаҳрамони Зухра Матқуловани топиш ва шахсини аниқлаш, унинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида тезкор чора-тадбирлар амалга оширди. Зухра Матқуловани топишда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош Бошқармаси ходимлари тезкорлик билан амалий ёрдам кўрсатдилар.

Тезкор қидирув жараёнида маълум бўлишича, мақола қаҳрамони Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани ҳудудида бемақсад юрган, ёнида шахсини тасдиқловчи (паспорт, туғилганлик ҳақида гувоҳнома) ҳужжатлари ҳам бўлмаган.

Шу сабабли, аниқ яшаш ва машғулот турига эга бўлмаган шахслар учун ташкил этилган Реабилитация марказига жойлаштирилган.

Шу кунга қадар Зухра Маткулова ушбу марказга 3 маротаба — 2017 йилнинг август ойида, 2017 йилнинг 22 октябрь ва 2018 йилнинг 13 июнь кунларида олиб келинган.

23 июнь куни Наманган вилояти Чуст тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Абдураҳимова Мамлакат Зухра Матқуловани доимий яшаш жойига, ўз оиласи бағрига олиб кетиш учун Тошкент шаҳрига етиб келди. Наманган вилояти Хотин-қизлар қўмитаси, Чуст тумани ҳокимлигининг саъи-ҳаракатлари билан Зухра Маткулованинг оилавий шароитлари ўрганилиб, уни яхшилаш буйича зарур чоралар кўрилди. Турмуш ўртоги билан муносабатларини соғломлаштириш, бандлигини таьминлаш ишлари ташкил этилди.

Яқин кунларда Зухра Матқулова ҳақида янада тўлиқроқ маълумот берилиши маълум қилинди.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!