Тошкентда 96 ёшли онасини пичоқлаб ўлдирган 70 ёшли аёлга суд ҳукми ўқилди

Тошкентда 96 ёшли онасини пичоқлаб ўлдирган 70 ёшли аёлга суд ҳукми ўқилди

Тошкентда ўз онасини ўлдирган аёлга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Холида Боқиева (исм-шарифлар ўзгартирилган) 70 ёшдан ўтганда жиноятга қўл ураман деб ўйламаганди. Қўшниларининг айтишича зиёли, икки тилни билгувчи, яқинларига меҳрибон аёл. Унинг айби шу эдики, вақтида турмуш қурмади. 96 ёшни қаршилаган онаси Салима Саидова йиқилиб операция бўлганидан сўнг, батамом унга боғланиб қолди. Ишларини йиғиштирди, ҳатто ишидан бўшади, фақат қари онасига қарайдиган бўлди. Синглиси Раъно Ҳапкимова ҳам унга кўмаклашиб турарди. Юзга яқинлашган она ҳассасиз юролмас, оғриқ азобидан туну кун инграб чиқарди. Бора-бора бу Холидани чарчатди, асаблари тамом бўлди. Бу хонадондаги бақир-чақирларни қўшнилар ҳам билиб бўлишди.

Бу орада онасининг хотираси ҳам кирди – чиқди бўлиб қолди. Синглиси Р. Ҳакимова овқат олиб келаман деб чиқиб кетган куни ошхонада турган пичоқни қўлига олди. Кўзига ҳеч нарса кўринмади. Нима бўлса ҳам онасини тинчитишни ўйлади ва ухлаб ётган онасининг кўкрагига бир неча бор санчди. Онасини ўлдириб қўйганлигини англагач, энди ўзини ўлдириш мақсадида қўлидаги пичоқ билан чап билаги ва бўйнини ҳамда кўкрак қафасларини кесиб ташлади. Бу орада синглиси уйга келиб қолади. Тез тиббий ёрдам чақиртирилади.

Жабрланувчи шифокорлар томонидан кўрсатилган бир неча кунлик тиббий ёрдамга қарамасдан вафот этди.

Х. Боқиевага Жиноят кодекси 97-моддаси 2 қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, иш судга оширилди.

Суд мажлисида Х. Боқиеванинг қўшнилари Н. Раҳмонова, Х.Абилова, Т. Артемова ва бошқалар судланувчининг яхши аёл бўлганлиги, турмушга чиқмаса-да ота-онасига қараганлиги, меҳрибонлиги, зиёли эканлиги, кейингии пайтда С. Саидованинг бақир-чақирларини улар ҳам эшитишганини, унга нисбатан енгил жазо тайинлашни сўрашди.

Наргиза КАСИМОВА, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси:

Судда Х. Боқиева айбли деб топилди. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в” банди билан 15 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Жиноят кодексининг 72-моддаси орқали тайинланган жазо шартлига алмаштирилиб, 3 йил синов муддати белгиланди.

Х. Боқиевага яшаш жойи ўзгарган тақдирда, бу ҳақида унинг хулқи устидан назорат олиб борувчи ички ишлар идораларига хабар бериш ва 1 ойда икки маротаба келиб, бу органларда рўйхатдан ўтиб туриш мажбурияти юклатилди, унга синов муддати давомида ҳукм шартларини бузган тақдирда, Жиноят кодекси 72-моддасининг 6 ва 8-бандида кўрсатилган оқибатлар юзага келиши мумкинлиги тушунтирилди. Холида Боқиеваганисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, у дарҳол суд залида қамоқдан озод қилинди.

Айни пайтда судланувчи Х. Боқиева қонунда белгиланган жазони шартли ўтамоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!