Тошкентда 20 йилга қамалган таниқли заргарнинг иши бўйича апелляция эшитуви бошланди

Тошкентда 20 йилга қамалган таниқли заргарнинг иши бўйича апелляция эшитуви бошланди

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида судья М.Усмонов раислигида бизнесмен Аҳмед Алиевнинг иши бўйича апелляция эшитуви бўлиб ўтмоқда. Аҳмед Алиев 2013 йилда бир қатор моддалар билан 20 йилга озодликдан маҳрум этилган эди, деб ёзади «Новости Узбекистана».

«Алиев заргари» компаниясининг раҳбари, таниқли заргар Аҳмед Алиев озодликдан маҳрум этилганига 7 йилдан ошди. Ҳимоя томони заргарнинг иши ёлғондан тўқиб чиқарилгани ва суд эшитуви давомида бунга етарлича далиллар келтирилишини билдирган.

Бизнесмен 2013 йилнинг 18 февралида Тошкент шаҳар суди томонидан 23 та моддада назарда тутилган жиноятларни  содир этишда айбдор деб топилган. Бундан олдинги апелляция эшитувларида Алиев «ўғирлик ва талончилик» бўйича айбсиз деб топилган. Ҳимоянинг фикрича, Аҳмед Алиев ҳамда унинг 20 нафарга яқин ходими, жумладан, қўриқчилари ва техник персонали ҳозирда ташаббускорлари қамоқда ўтирган шахсларнинг «сиёсий» лойиҳаларида иштирок этишдан бош тортган.

«Бир неча йил ‘Жаслиқ’да ўтирдим. Олдимга адвокатларни қўйишмади, ёзган хатларим манзилига етиб бормади. Буларнинг барчаси қонуний ҳукуматга қарши ҳуқуқ-тартибот органларидаги юқори мартабали амалдорлар томонидан тайёрланган жиноий лойиҳани молиялаштиришдан бош тортганим сабаб содир бўлди. Бунинг устига уларнинг жирканч режаларини Президент ва бош вазирга айтишни ваъда қилгандим», — дейди Алиев суд залида.

Апелляция эшитувида Алиев махсус хизматлар уни ва ходимларини калтаклаб кўрсатма олганлигини таъкидлади. Бунга ёрқин мисол — жисмоний тазйиқларга чидай олмаган қўриқлаш хизмати бошлиғи Андрей Бузруков Алиевга қарши ёлғон кўрсатма берган.

«Судда судьялар ва Бузруковнинг прокурори қатнашган эди ва у кунлик қийноқларга чидай олмай ёлғон кўрсатма берганини айтди. Бироқ суд унинг сўзларини инобатга олмади. Қолган 23 та модда бўйича ҳам худди шундай бўлди. 7,5 йил давомида погон таққан маҳлуқлар барча суд жараёнларига аралашди. Оиламга нисбатан тўғридан-тўғри таҳдид қилишди, жисмоний ва руҳий босим ўтказишди. Президент ёки бош вазир билан учрашишимга имкон беришмади. 2014 йилдагина барчасини ошкор қилиш имконияти туғилди. Бунинг барчасига 50 варақ қоғоз сарфладим. Ўшандаям ёзганларим керакли одамларга етиб бормади. Бироқ кейинчалик менинг ёзганларим ҳуқуқ-тартибот органларидаги юқори мартабали амалдорларга нисбатан жиноят иши очилишида муҳим ролни ўйнади», — дейди Алиев.

Аҳмед Алиев — таниқли заргар ва тадбиркор, Ўзбекистон заргарлар ассоциацияси раиси, 1200 га яқин ходим ишлаган «Алиев заргари» компанияси эгаси эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!