Тошкент вилоятида янгича кадастр паспортлари берилади

Тошкент вилоятида янгича кадастр паспортлари берилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 ноябрдаги 927-сон қарори билан Тошкент вилоятини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Биринчидан, Тошкент вилоятида қуйидаги йўналишлар бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг тўлиқ рўйхати тақдим этилди:

таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт объектларини қуриш ва реконструкция қилиш;

йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, электр энергия, табиий газ, ичимлик ва оқава сув тармоқларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш, ободонлаштириш ҳамда аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш;

бандлик даражасини ошириш, туризм, экология, қурилиш соҳаларида амалга ошириладиган ишлар;

озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси қувватларини модернизациялаш, қишлоқ хўжалиги, туризмни ривожлантириш бўйича манзилли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва бошқалар.

Бир ой муддатда инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини онлайн мониторинг қилиб борувчи дастур ишга туширилади.

Иккинчидан, 2019 йилнинг 1 июнига қадар кадастр ҳужжатларини шакллантириш жараёни соддалаштирилади. Бекор қилинган «Бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома» ўрнига махсус QR-код билан ҳимояланган кадастр паспорти берилади.

Эслатиб ўтамиз, кўчмас мулкка (ер участкалари, бинолар ва иншоотлар, кўп йиллик дарахтларга) бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида гувоҳномалар жорий йил 1 октябрдан бекор қилинган.

Бир туман мисолида аукцион тарзида блокчейн тизими орқали қишлоқ хўжалиги ерлари ажратиш тартиби жорий этилади.

Учинчидан, 2019 йил 1 январга қадар Пискент автомобиль полигони ҳудудида мунтазам равишда турли даражадаги авто ва мотопойгаларни ташкил этиш юзасидан таклифлар киритиш вазифаси топширилди. Бу ерда сайёҳлар учун эски русумдаги автомобиллар кўргазмаси ва бошқа қизиқарли тадбирлар ҳам ўтказилади.

Тўртинчидан, 2019 йилнинг 1 июнига қадар тарихий обидалар ҳамда археологик объектлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, улар тўғрисидаги маълумотлар махсус электрон харитага киритилади.

Manba: sof.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!