Тошкент вилоятида автобус Gentra билан тўқнашиб, ағдарилди — жабрланганлар бор (видео)
Тошкент вилояти Оҳангарон туманида автобус ва Gentra иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Ҳодиса оқибатида уч киши жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ матбуот хизматининг маълум қилишича, авария 2 сентябрь куни соат тахминан 18:30 да «Тошкент–Ўш» автомобиль йўлининг Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида содир бўлган.
62 ёшли Isuzu русумли йўловчи автобуси ҳайдовчиси рухсат этилган жойда қайрилиб олаётган вақтида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган Gentra билан тўқнашган. Зарба оқибатида автобус ағдарилиб кетган.
Ҳодиса натижасида 29 ёшли Gentra ҳайдовчиси ва автобусда бўлган икки нафар йўловчи турли даражада тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.
Ҳолат юзасидан ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).
