Тошкент вилоятида 1000 дан ортиқ транспорт воситалари жарима майдонига қўйилди

Тошкент вилоятида 1000 дан ортиқ транспорт воситалари жарима майдонига қўйилди

Тошкент вилояти ҳудудидан ўтувчи “Олмаота-Бишкек-Тошкент-Термиз” автомобиль йўлининг 806-871 километрлари оралиғида ва “Тошкент-Ўш” ҳамда “Бектемир-Чирчиқ-Ғазалкент-Чорбоғ” автомобиль йўлларида янги намунадаги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари (фоторадарлар) 2018 йилнинг 16 февралидан 22 октябрга қадар 80 мингдан ортиқ қоидабузарликларни қайд этган. Бу ҳақда ЎзА маълум қилди.

– Қоидабузар ҳайдовчиларнинг 52 мингдан зиёди белгиланган муддатларда қонунда белгиланган тартибда жарималарини ўз вақтида тўлаган. Лекин орамизда қарздорлик борасида эътиборсизлик қилаётган ҳайдовчилар ҳам йўқ эмас, – Тошкент вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Матбуот гуруҳи ходими Рустам Асқаров. – Қоидабузар ҳайдовчилар томонидан асосан белгиланган жарималарни тўлаш тартиби, қоидабузарлик ҳолати, тўлов амалга оширилгандан сўнгги ҳолати ҳақидаги саволлар кўплаб келиб тушмоқда. Ушбу саволларнинг ечими ҳақида қуйидаги маълумотларни тақдим қиламиз:

– Қоидабузарлик содир этилгани ҳақидаги маълумотни олиш учун “8860” қисқа рақамига транспорт воситасини давлат рақам белгисини хамда транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасини серия ва рақамини СМС орқали юборилади, оз муддат ичида СМС орқали қоидабузарлик ҳақидаги маълумот (содир этилган сана ва жарима миқдори) келади;

– Қоидабузарлик бўйича белгиланган жарималар Банк муассасаларидан “Мунис” тизими орқали, пластик картадан “Click”, “PayMe” иловалари орқали тўловлар амалга оширилиши мумкин.

Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан ўз вақтида жаримани тўламаган ҳайдовчиларга нисбатан мунтазам ишлар олиб борилмоқда. Бунда ҳозирги замон технологияларидан фойдаланган ҳолда, “АUTO CON” ускунаси ёрдамида 60 кун муддат ичида фоторадарлар орқали аниқланган жаримани тўламаган қоидабузар ҳайдовчилар аниқланиб, уларнинг автомашинаси жарима майдонига жойлаштирилмоқда. Ҳозирги кунга қадар 1000 дан ортиқ транспорт воситалари вилоят ҳудудидаги жарима майдонларига қўйилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291-моддаси талаблари асосида 60 кун муддат ичида жарималарни тўламаслик, жарима тўлагунга қадар транспорт воситасини жарима майдонига қўйишга асос бўлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!