Тошкент вилояти учун 1000 та янги автобус харид қилинади
Тошкент вилоятида жамоат транспортини яхшилаш мақсадида 1000 та янги автобус харид қилиниши режалаштирилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Зоир Мирзаев 16 октябрь куни ўтказилган “ҳокимлик соати”да Тошкент вилоятида транспорт соҳасидаги хизматларни яхшилаш учун 1000 та янги автобус харид қилиш бўйича топшириқ берди.
Транспорт бошқармаси аҳоли вакилларининг фикрини ўрганган ҳолда, барча шаҳар ва туманлардан вилоятнинг маъмурий маркази Нурафшон шаҳри ва пойтахтга янги қатнов линияларини ишга туширади. Бу янги ташкил этилаётган жамоат транспорт йўнилишларининг марказида Нурафшон шаҳри туриши лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Йиғилишда камбағалликка қарши курашиш, меҳнат мигрантлари билан ишлаш бундан буён Тошкент вилоятида маҳаллий ижро этувчи органлар раҳбарларининг асосий вазифаси этиб белгилангани ҳам таъкидланди.
Эндиликда ҳар бир шаҳар ва туман ҳокими кунига камида 20 нафар меҳнат мигранти билан онлайн мулоқот қилиш тартиби йўлга қўйилади. Хорижда миграцияда юрган хотин-қизларни Ватанга қайтариш бўйича вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Зуҳра Миргазиева раҳбарлигида махсус штаб ташкил қилинади.
Бу штаб аъзолари ҳар бир хотин-қиз билан шахсан суҳбатлашади, меҳнат шароитлари, ижтимоий-ҳуқуқий муаммоларини ўрганади ва уларинг хоҳишларига кўра, Ўзбекистонга қайтариш, иқтисод комплекси орқали ишга жойлаштириш чораси кўрилади.
Тошкент вилоятида бугунги кунда 3 миллион нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 1025 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Қиёслаш учун, худди шунча аҳоли салмоғига эга бошқа вилоятларда маҳаллалар сони анча кам. Қуйи тизимда ишларни тўғри йўлга қўйиш, ижро аппарати ходимлари сонини қисқартириш мақсадида, вилоятда мавжуд МФЙлар сони қисқартирилади.
Шу мақсадда вилоятдаги барча МФЙлар жойлашуви, аҳоли салмоғи жиҳатидан қайта кўриб чиқилади. Йиғилишда бу борадаги ташкилий ишларни бошлашни, вазиятни танқидий ўрганиш ва таклиф бериш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди.