Тошкент вилояти бош имом-хатиби вафот этди

Тошкент вилояти бош имом-хатиби вафот этди

Диний соҳада кўп йиллар самарали хизмат қилган, жонкуяр уламо, фидоий инсон Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов вафот этди.

Раҳматли Хайруллоҳ домла Турматов Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таълим олган, меҳнат фаолияти давомида Тошкент вилоятидаги "Четсув", "Қорабоғ", “Зангиота” жоме масжидлари имом-хатиби, Ангрен шаҳри бош имом-хатиби ва Тошкент вилояти бош имом-хатиби вазифаларида фидокорона хизмат қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси ушбу оғир мусибатга чин қалбдан шерик эканини изҳор этади. Барчамизни Аллоҳ таоло яратган. Тақдирларимизни иҳота қилувчи ягона Зот ҳам фақатгина Роббимизнинг Ўзидир. Қуръони каримда: “…Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз…” (Бақара, 156) дейилган.

Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилаётган бу дин хизматчисини мағфиратига олсин, яқинларига сабру жамил бериб, қазои қадарини имон ила, розилик ила қарши олганлар қаторида ажру мукофотлар ато этсин.

Хайруллоҳ домла Турматовга уламолар, имом-хатиблар, имом ноиблар, жоме масжидлардаги ҳар бир масъул ходим ҳамда қалблари Аллоҳнинг байтига боғланган қадрли инсонларнинг эҳтироми баланд ва юксак эди.

Фаолиятлари давомида жоме масжидларни обод ва кўркам, намозхонларни ибодат қилишлари учун муносиб ва замонавий шарт-шароитларга эга бўлиши йўлида тиним билмай меҳнат қилаётган эдилар...

Ҳадиси қудсийлардан бирида айтилади: “Эй Одам фарзанди! …Албатта, Мен сизларнинг суратингизга ҳам, чиройингизга ҳам қарамайман. Балки қалбингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”. Раҳматли Хайруллоҳ домла Турматов ҳам ана шундай яхши хислатлар, эзгу фазилатлар соҳиби эди.

Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини гуноҳларига каффорат айласин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!