Тошкент, Жиззах ва Андижон ҳудудларидаги ер майдонларининг ноқонуний сотилишларига чек қўйилди

Тошкент, Жиззах ва Андижон ҳудудларидаги ер майдонларининг ноқонуний сотилишларига чек қўйилди

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ҳамда шаҳар ички ишлар Бош бошқармаси билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақда ДХХ Darakchi.uzга хабар берди.

Жумладан, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1959 йилда туғилган муқаддам судланган шахс Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида жойлашган ва бошқа бир фуқарога иссиқхона ташкил этиши учун ажратилган 2 гектар суғориладиган ер майдонини ҳокимият тизимидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб, у ерда ишлаб чиқариш цехи қуриши учун рухсат олиб бериш эвазига 500 минг АҚШ доллари талаб қилади. Аммо, у сўралган пулнинг 50 минг долларини олдиндан олган вақтида ушланди.

Бўстонлиқ туманида кузатилган ҳолатда эса 1990 йилда туғилган шахс бошқа бир фуқарога тегишли фермер хўжалигига боғдорчилик учун 49 йил муддатга ажратилган 35 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали аукцион савдоларига чиқармасдан харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 350 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 40 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Тошкент шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс ҳам ўзганинг ишончига кириб, Бўстонлиқ туманидаги маҳаллий масъулияти чекланган жамиятга тегишли 3 гектар ер майдонини унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 680 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 10 минг доллар олган вақтида ушланди.

Бу йўналишда ДХХ Жиззах вилояти бўйича Бошқармаси ходимлари ҳам Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказишди.

Хусусан, Шароф Рашидов туманидаги пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари мазкур хўжаликнинг 5 гектар сувли ер майдонини 200 миллион сўмга сотмоқчи бўлади ва туман қишлоқ хўжалиги бўлимида ишловчи танишлари орқали ернинг тегишли ҳужжатларини харидор номига расмийлаштириб беришни режа қилади.

Аммо, у сўралган пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Андижон шаҳрида ва Олтинкўл туманида яшовчи, муқаддам судланган 3 нафар шахс ҳам ўзаро тил бириктириб, мансабдор танишлари орқали Олтинкўл туманидаги кичик саноат зонаси ҳудудидан 4,5 гектар ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 36 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

Лекин, улардан бири сўралган пул маблағидан 10.700 АҚШ долларини олган вақтида Хизматнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Департамент ходимлари томонидан ушланди. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг икки нафар шериги ҳам қўлга олинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!