Тошкент ҳайвонот боғига кичкина тоғ эчкиси олиб келинди

Тошкент ҳайвонот боғига кичкина тоғ эчкиси олиб келинди

Кичкина шохли тоғ эчкиси – морхўр ёзда Тошкент ҳайвонот боғига олиб келинди. Бу морхўрни Сурхондарё вилоятидаги овчилик фермаси ходимлари чўпоннинг итидан қутқариб олган, деб хабар берди пойтахт ҳайвонот боғи матбуот хизматига таяниб «Gazeta.uz».

Шундан сўнг Сурхон давлат қўриқхонаси инспекторлари далолатнома тузиб, Давлат экология қўмитаси кўмаги билан «Қизил китоб»га киритилган ҳайвонни Тошкент ҳайвонот боғига топширди.

Ҳайвонот боғи ветеринари текширувидан сўнг морхўр бошидан жароҳат олганлигини ва у ўша пайтда атиги 30-35 кунлик бўлгани аниқланди.

Ҳайвонот боғи ходимлари тоғ эчкисига Кичкинтой деб ном беришди. «Ҳайвонот боғининг ветеринария клиникасида дастлабки икки ой давомида тунги сменаларни ташкил этиш, жароҳатланган ҳайвонни туну кун парвариш қилиш ва ҳар уч соатда овқатлантириш керак эди», – дейилади хабарда.

Тошкент ҳайвонот боғига кичкина тоғ эчкиси олиб келинди

Фото: Тошкент ҳайвонот боғи

Икки ой ўтгач, Кичкинтой соғайиб кетди ва Туёқлилар бўлимидаги турдошларига қўшилди. Кўп ўтмай эчки у ерда овқат ейишни рад қила бошлади ва бу ошқозон-ичак трактининг бузилишига олиб келди.

Тоғ эчкиси яна ветеринария шифокорларига қайтарилди. Энг қизиғи Кичкинтой фельдшер Жаҳонгир Расуловга боғланиб қолди. Боғнинг янги меҳмони энди фельдшерни ҳам онаси, ҳам отаси ўрнида кўрмоқда ва доим унинг орқасидан эргашиб юрибди.

«У ҳали ҳам ветеринария клиникасида яшайди, у ерда ўзининг ёзги жойи ва иссиқ хонаси бор. У ҳар куни ветеринария шифокорлари назорати остида, ташриф буюрувчилар бўлмаганида ветеринария клиникаси ва ҳайвонот боғи атрофида айланиб юради.

У Шоу исмли мушукнинг орқасидан югуради, ишчилар билан ўйнайди. Кичкинтой жуда ақлли, уй итидан паст бўлмаган даражада юқори ақлни намойиш этади. Агар уни вақтида сайрга олиб чиқишмаса, ғазабланишини кўриш кулгили», — дейишди ҳайвонот боғи ходимлари.

Тошкент ҳайвонот боғига кичкина тоғ эчкиси олиб келинди

Фото: Тошкент ҳайвонот боғи

Матбуот хизмати, шунингдек, Кичкинтой яқинда насл қолдириш учун турдош эчкилар орасига қўшилишини таъкидлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!