Тошкент бозорларида ёғга яна турнақатор навбатлар пайдо бўлмоқда

Тошкент бозорларида ёғга яна турнақатор навбатлар пайдо бўлмоқда

Тошкент бозорларида озиқ-овқат маҳсулотларига яна турнақатор навбатлар пайдо бўлибди. Хусусан, “Авиасозлар” деҳқон бозорида кунгабоқар ёғи ур-йиқит талаш. Арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркасига яқинлашиб бўлмайди. Сабаби, бу ерда кунгабоқар ёғининг литри 14500 сўмдан сотиляпти. Бошқа жойларда эса бундай ёғнинг ўртача баҳоси 20 000 сўм атрофида. 

Сотувчи бақириб, огоҳлантиради: “Энди бошқа навбатга турманг, ёғ етганича сотамиз”. Бу эса умидвор бўлиб турган ўртаҳол одамларнинг асабларини ўнатади. Ахир, ўзига тўқ одам ҳозирги карантин пайтида соғлиғини хавфга қўйиб, ўзини оламон ичига урармиди?! “Терминал ишламаяпти, бир кишига икки бутилкадан ёғ сотилади!” дея қичқиришини қўймайди сотувчи йигит. Шунинг учун кўплаб оилалар бола-чақаси билан навбатда туришибди...

 Арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаси растасида ёғ ва шакардан бошқаси нарса йўқ. Узр, адашибман. Россиядан келтирилган  қуюлтирилган сут ҳам бор экан. Уни ҳеч ким сўрагани ҳам йўқ. Ҳамма ёғ дардида. Бундай номигагина ташкил этилаётган ярмаркалар билан нарх барқарорлигини ушлаб бўладими? Аҳолининг ёғга бўлган эҳтиёжини-чи? Асло! 

Бу навбатлар бекорга пайдо бўлаётгани йўқ. Ўсимлик ёғи аллақачон нархи тез ошиб бораётган маҳсулотлар таркибидан жой олган. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, ўсимлик ёғининг ўртача нархи 17 фоиз кўтарилган. Ёғ-мой саноати корхоналари уюшмаси эса бу ҳолатни катта ҳажмда озиқ-овқат хом ашёларини етиштирадиган давлатлар эскпорт ҳажмини камайтиргани билан боғлаб келади. 

Ёғ, шакар каби муҳим озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжимизни таъминлаш учун қачонгача четга кўз тикиб ўтирамиз? 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!