Тошбўрон, ўқлар ва ҳибс: Марадонанинг дафн маросими тартибсизликлар билан тугади (ВИДЕО)

Тошбўрон, ўқлар ва ҳибс: Марадонанинг дафн маросими тартибсизликлар билан тугади (ВИДЕО)

Куни кеча Буэнос-Айресда 60 ёшида одамдан кўз юмган жаҳон футболи афсонаси Диего Марадонанинг дафн маросими бўлиб ўтди. Чет эл оммавий ахборот воситалари ушбу жараён тартибсизликлар ва полициячилар билан тўқнашув билан якун топгани ҳақида хабар беришди.

Полиция ва Диего Марадонанинг мухлислари ўртасидаги тўқнашув Буэнос Айресдаги президент саройидан бошланган - сабаби айнан бу ерда футболчи билан видолашишни истаган одамлар тўпланишган эди.

Associated Pressнинг хабар беришича, одамлар бир-бирларини турткилашган, ҳамда бир жойга катта гуруҳ бўлиб тўпланиб, сарой ичига кириб боришга уринишган. Натижада, ушбу ҳолатга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари аралашишга мажбур бўлганлар.

Президент саройида видолашув маросими ниҳоясига етгач, полиция оломонни тарқата бошлаган - бундан фанатларнинг азбаройи жаҳли чиққан. Хабарда айтилишича, футболчи мухлислари полициячиларга қарата тош ва бошқа предметларни улоқтира бошлаганлар.

Ҳуқуқ-тартибот посбонлари, ўз навбатида елим ўқлар билан одамларга қарата ўт очганлар, шунингдек, мухлисларга нисбатан кўз ёш келтирувчи газ ва водометлар ҳам қўлланилган. Зўравонлик ҳолатлари жароҳатларга ва ҳибсга олиб келган. Infobae маълумотларига кўра, тўққиз киши қўлга олинган.

Видолашув маросимида қатнаша олмасликларига кўзи етган фанатлар, президент саройи деворига тирмашиб чиқа бошлаганлар, худди футбол стадионидаги каби.

Бу орада Аргентина ички ишлар вазири Вадо де Педро дафн маросимидаги тўқнашувлар учун Буэнос-Айрес ҳукумати жавобгарлигини тан олган. У уларни зўравонликни тўхтатишга чақирган.

"Биз Орасио Ларетта (мэр) ва Диего Сантильяни (вице-мэр) шаҳар полицияси томонидан амалга оширилаётган ушбу телбаликни тўхтатишга чақирамиз", - дея баёнот қилган у.

Бундан ташқари, дафн маросимидаги тартибсизликлар давомида Russia Today мухбири ва оператори ҳам жабр чекишгани айтилмоқда. Журналистлар воқеа жойидан онлайн-эфир олиб боришаётган бўлган.

Эслатиб ўтамиз, афсонавий футболчи 60 ёшида вафот этди. Диего Марадонани сўнгги марта 30 октябрда омма орасида кўришган. У Аргентина чемпионатининг 1-тури "Химнасия ва Эсгрима" ва "Патронато" (3:0) ўртасида кечган, ўзининг 60 йиллигига бағишланган учрашувида кўриниш берган.

Учрашув олдидан Марадонага эсдалик тахтачаси топширилган. Диего матчни охиригача томоша қилмаган, ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтиб, кетган. Марадонанинг соғайиши алкоголизм ва наркомания оқибатлари туфайли қийинлашган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!