Топ-5: Футбол тарихидаги тўпурар ҳимоячилар

Топ-5: Футбол тарихидаги тўпурар ҳимоячилар

Миллионлар ўйини бўлмиш футболда ҳужумчилардан ҳам кўпроқ ҳимоячилар қадрланади. Ва қайсидир маънода буни тушуниш мумкин. Боиси жамоанинг олдинги чизиғи қанчалик кучли бўлмасин, агар мудофаа талабга жавоб бермаса, қилинган барча ҳаракатлар самарасиз кетаверади. Дунё футболида шундай ҳимоячилар ҳам борки, улар нафақат ўз вазифасини аъло даражада бажаради, балки орада рақиб дарвозабонларини ҳам ранжитишга улгуради. Тўғри англаганингиздек, ҳозир тўпурар ҳимоячилар ҳақида фикр юритилади. Гарчи уларнинг сони кўп бўлса-да, биз нисбатан таниқлиларига тўхталишга қарор қилдик.

Фернандо Йерро — 160 та гол

Топ-5: Футбол тарихидаги тўпурар ҳимоячилар

Фото: «Реал»

Испания терма жамоаси ва «Реал»нинг афсонавий ҳимоячиси Фернандо Йерро фаолияти давомида 769 та ўйин ўтказиб, 160 бор рақиб дарвозаларини ишғол этган. Профессионал фаолиятини «Вальядолид»да бошлаган Йерро кейинчалик Мадрид клубига ўтади ва айнан ўша ерда ўзининг бор потенциалини намоён қилади. У ўзининг кучли ва ўта аниқ зарбалари билан ном қозонган. Унинг учун 20-30 метр узоқликдаги масофалар чўт эмасди. Шунингдек, Йерро қўлга киритган совринлари билан ҳам мақтаниши мумкин. У беш бор Испания чемпионатида, тўрт марта мамлакат Суперкубогида ва уч бор Европа Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонган. Шунингдек, у УЕФА ва Испания Суперкубокларини ҳам боши узра баланд кўтарган.

Лоран Блан — 161 та гол

Топ-5: Футбол тарихидаги тўпурар ҳимоячилар

Фото: Twitter

Франция футболи тарихидаги энг яхши футболчилардан бири Лоран Блан фаолияти давомида ватанидан ташқари Англия, Испания ва Италия каби давлатларда тўп суришга муваффақ бўлган. Блан фаолиятида умумий ҳисобда 569 та ўйинда майдонга тушиб, 161 та гол уради. Клубдаги бир нечта ютуқлардан ташқари у Франция термаси билан 1998 йилги Жаҳон Кубоги ва 2000 йилги Европа чемпионатида ҳам зафар қучган.

Рональд Куман — 253 та гол

Топ-5: Футбол тарихидаги тўпурар ҳимоячилар

Фото: Google Images

Катта футболдаги илк қадамларини «Гронинген»да (Нидерландия) бошлаган «Барселона»нинг амалдаги бош мураббийи ҳимоячилар орасида 253 та гол (685 та ўйинда) билан дунё рекордини ўрнатган. Бу натижага кўплаб марказий ҳужумчилар ҳам ҳасад қилиши мумкин. Куман ҳар томонлама намуна бўла оладиган даражада яхши ҳаракат қиларди. Айниқса, унинг стандарт вазиятлардан урган голлари алоҳида эътирофга лойиқ эди. Европа, Испания ва Нидерландия чемпионининг рекорди яқин орада янгиланмаслик эҳтимоли жуда юқори.

Роберто Карлос — 107 та гол

Топ-5: Футбол тарихидаги тўпурар ҳимоячилар

Фото: Getty Images

Роберто Карлос ҳақида гап кетганда исталган одам биринчи навбатда унинг даҳшатли зарбаларини ёдга олади. «Интер», «Реал» ва Бразилия терма жамоасидаги ўйинлари орқали дунёнинг энг яхши ҳимоячиларидан бири номига лойиқ кўрилган Карлос фаолияти давомида 881 ўйин ўтказиб, 107 та гол уради. Ушбу голлар ичида унинг 1997 йилда Франция дарвозасига урган мўъжизавий голи энг эсда қоларлисидир. Ўша гол ҳақида Роберто Карлоснинг ўзи шундай дейди:

«Тўп нишонга қараб кетмаётганди, аммо шамол кучи уни дарвоза томон йўналтирди. Бу шунчаки мўъжиза эди. Бундай голлар фақат бир марта содир бўлади. Машғулотларда буни яна такрорлашга ҳаракат қилганман, аммо бунга эришолмаганман».

Серхио Рамос — 126 та гол

Топ-5: Футбол тарихидаги тўпурар ҳимоячилар

Фото: Twitter/@realmadrid

Серхио Рамос ушбу рўйхатда фаолиятини давом эттираётган ягона футболчи ҳисобланади. Юқоридагиларнинг барчаси аллақачон бутсаларини михга илишга улгурган. «Реал»нинг узоқ йиллик сардори ҳимоячи учун керак бўлган барча хислатларга эга: у позицион ҳужумлардан ташқари қарши ҳужум ва стандартларда ҳам муваффақиятли ҳаракат қилади. Шунингдек, Рамос пенальтиларда ҳам камдан кам адашади. Серхио барча мусобақалар доирасида 879 беллашув ўтказиб, нақ 126 та гол урган.

Рамоснинг клуб фаолиятидаги асосий ютуқлар ҳақида гап кетганда, шубҳасиз, Чемпионлар Лигасидаги тўртта (2014, 2016, 2017, 2018 йиллар) ва Испания чемпионатидаги бешта (2007, 2008, 2012, 2017, 2020 йиллар) ғалабани алоҳида қайд этиш лозим. Шунингдек, Рамосда қуйидаги совринлар ҳам бор: 2 та Испания Кубоги (2011, 2014), 4 та Испания Суперкубоги (2008, 2012, 2017) ва клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатларидаги 4 та бош соврин (2014, 2016, 2017, 2018 йилларда).

Терма жамоадаги ғалабалар борасида эса унга ҳатто Криштиану Роналду ва Лионель Месси ҳам ҳавас қилиши мумкин: Рамос 2010 йилги Жаҳон Кубоги, 2008 ва 2012 йиллардаги Европа чемпионатида мусобақа кубогини боши узра баланд кўтарган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!