«Толибон» ҳижоб билан боғлиқ янги қарор чиқарди

A A A
«Толибон» ҳижоб билан боғлиқ янги қарор чиқарди

Ҳужжатда оммавий ахборот воситаларига ҳижобни тарғиб қилиш вазифаси юклатилган.

Маълум қилинишича, қарор 8 май куни соат 08:00 да (Кобул вақти билан) эълон қилиниши керак. Бироқ ҳали оммага эълон қилинмаган буйруқнинг нусхаси қўлга киритилган. Унга кўра, биринчи босқичда очиқ кийинган ёки ўранмаган аёл уйининг остонасидан аниқланади, ҳолат бўйича унинг васийси огоҳлантирилади.

Мазкур фармойишнинг бошқа бандларида шундай дейилган: «Иккинчи босқичда унинг васийси тегишли бўлимга чақирилсин, учинчи босқичда эса аёл васийси уч кун муддатга лавозимидан четлаштирилсин. Тўртинчи қадамда васийга нисбатан тегишли жазо тайинлаш учун судга топширилади».

«Толибон» буйруғи давлат идораларида ишлайдиган, ҳижобга риоя қилмайдиган аёлларни лавозимидан озод қилишни назарда тутади. Шунингдек, ОАВда ҳижобнинг афзал томони ва уни ўрамаслик оқибатлари ёритилиши керак.

Маълумот учун: «Толибон» мамлакат устидан назоратни қўлга киритгач, аёлларнинг жамиятдаги иштироки, меҳнат ва таълим олишига чекловлар киритди, бу эса миллий ва халқаро миқёсда кучли реакцияга сабаб бўлди. Сўнгги маълумотларга кўра, Нимроз вилоятидаги толиблар бир қанча сотувчиларни ўранмаган аёлларни дўконига киритгани учун калтаклаган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!