Тожикистонда ўсмирлар томонидан ёқиб юборилган қизча реанимацияда қолмоқда

Тожикистонда ўсмирлар томонидан ёқиб юборилган қизча реанимацияда қолмоқда

Одамларни даҳшатга солган бу ҳодиса 19 июнь куни пойтахтнинг Сино тумани ҳудудида юз берди. Уч ўсмир қизчани ёқиб юборди.

Мамлакат ИИВнинг баёнот беришича, жиноятни содир этишда гумон қилинган вояга етмаган уч бола ушланди, бироқ қизчанинг ота-онасининг сўзларига қараганда, болалар ҳамон озодликда юришибди.

Шифокорларнинг айтишича, олти ёшли Осия Зулфонованинг бадани 65 фоизи куйган ва реанимацияда ётибди.

3-шаҳар куйиш шифохонаси бош шифокори Тоҳир Зубайдовнинг айтишича, қизча тана қисмининг 45 фоизида чуқур куйиш олган. “Жабрдийданинг аҳволи ниҳоятда оғир, шифокорлар уни қутқариш учун қўлдан келган ишни қилмоқда”, - дейди у.

Шифокорнинг сўзларига қараганда, куйишнинг катта қисми қизнинг орқасига, чап қўлига ва оёғига тўғри келади, шу сабабли даволаш ва реабилитация узоқ муддатни олади.

Мазкур факт Душанбе шаҳар прокуратураси томонидан тергов қилинмоқда. Бугунги кунга қадар жиноят сабаблари ошкор қилинмади.

ИИВ маълумотига қараганда, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон юз берган ҳодисадан ўз ташвишини билдирган. Хабарларга қараганда, Президент соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирига жабрдийда қизни даволашни ўз назоратига олишни топширди.

Жума куни “Фараж” нашрининг хабар қилишича, Душанбе шаҳридан 5 километр ғарбдаги Рудакий тумани Чоряккарон жамоатида уч нафар ўсмир ўз уйи олдида дугоналари билан ўйнаётган олти ёшли қизни тўсиқ сеткасига боғлаб қўйишган ва ёқиб юборган.

Қизнинг отаси Шерзод Зулфоновнинг айтишича, шавфқатсиз жиноятини қўшни қишлоқдан келган, кун бўйи қишлоқма-қишлоқ сандирақлаб юрадиган болалар содир этган, дея хабар беради “Фараж” нашри.

Ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари ҳам тергов давом этаётгани боис изоҳ бермади. Мазкур даҳшатли ҳодиса ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!