Тоифаланган объектларни ҳимоя қилиш бўйича машғулотлар муваффақиятли якунланди

Тоифаланган объектларни ҳимоя қилиш бўйича машғулотлар муваффақиятли якунланди

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг ҳарбий қисмларидан бирининг шахсий таркиби томонидан навбатдаги ўқув машғулотлари ўтказилди. Бу ҳақад Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Унда шартли душманнинг тоифаланган объектга қўққисдан ҳужуми бўлганида шахсий таркибнинг жанговар ҳаракатланиши бўйича кўргазмали машқлари намойиш этилди.

Шахсий таркиб «Тревога» сигнали бўйича юқори жанговар шайлик ҳолатига келтирилди. Давлатимиз иқтисодиётининг ўқ томирларидан бири бўлган объектни қўриқлаш вазифаси юклатилган ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлигини синовдан ўтказувчи навбатдаги ўқув машғулоти ана шундай бошланди.

Шахсий таркиб зудлик билан ўзига бириктирилган қурол-аслаҳа ва ҳимоя воситалари билан саф майдонига йиғилди. Ҳарбий қисм командири томонидан юзага келган вазият тўғрисида бўлинмаларга вазифалар тақсимланди. Шундан сўнг олинган жанговар вазифа бўйича командирнинг ўта муҳим объект мудофааси ҳақидаги қарори қабул қилинди ва зудлик билан мудофаага киришилди.

Махсус-тактик ўқув режасига кўра, шартли душманни яксон қилиш бўйича бўлинмалар олдига қўйилган вазифалар 3 та ўқув нуқтасида тегишли вазирлик, идора ва маҳаллий орган вакиллари билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Биринчи ўқув нуқтасида шартли душманнинг объектнинг шимолий томонида жойлашган назорат ўтиш жойида чалғитувчи зарбалар бериши ва унинг заҳира бўлинма томонидан зудлик билан бартараф этилиши бўйича машқлар кўрсатилди. Аниқ ва тезкор амалга оширилган қарши ҳужум муваффақиятли якунланиб, шартли душман ҳаракати тўхтатилди.

Кейинги ўқув жойидаги машғулотлар шартли душманнинг темир йўл транспортидан фойдаланган ҳолда объектга қилган ҳужумини қайтариш ва уларни зарарсизлантириш билан давом этди. Унда ҳарбий хизматчилар аниқ ҳаракат қилиб, ўз вазифаларини сидқидилдан бажариб, топшириқни муваффақиятли якунлашди.

Навбатдаги ўқув нуқтасида шартли душман ўз режасини амалга ошириш йўлида объектга қарашли омборда техноген характердаги ёнғин содир этишга уринди. Бу жараёнда ҳам ҳарбий хизматчилар ҳамкор бўлинмалар билан биргаликда вазифани бажаришга киришиб, қисқа муддатда хавфни бутунлай бартараф этишди.

Махсус-тактик ўқув машғулотлари сўнггида кўргазмали ўқув жойлари ташкил этилиб, шахсий таркибнинг қўл жанги чиқишлари ҳам намойиш қилинди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, тактик-ўқув машғулотлари реал ҳолатга яқин тарзда ўтказилди.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!