Тоғасининг ўлимига сабабчи бўлган жиян

Тоғасининг ўлимига сабабчи бўлган жиян

Орамизда айрим инсонлар борки, улар озгина ичиб олгач, сўнг ўзларини шердек ҳисоблашишади. Кўнгилларига келган ишни қилишга чоғланишади.

Хайриддин Россиядан ишлаб қайтгач, уни кўрган қариндош-уруғлар келишди. Чақ-чақлашиб ўтиришди. “Денов” ароғидан қўйиб ичишди. Уларнинг орасида Равоқул Расулга (исм-шарифлари ўзгартирилган) қараб деди: 

– Машинада қувишамиз, кимни машинаси ўзар экан. 

– Бўпти, қани кетдик, – дея Расул қўлларини бир-бирига урди. 

Йигитлар ўринларидан туриб, “Нексия” машиналарига ўтиришди ва шитоб билан ҳайдаб кетишди. Автомашинанинг магнитофонини эса баланд қилиб қўйиб олишди. 

Худди шу пайтда йўлнинг қарама-қарши томонидан велосипедда ҳаракатланиб келаётган Охунбобоев маҳалласида яшовчи Холмат Парпиевни кўриб қолишди. Аммо улар унга эътибор ҳам беришмади. Чунки улар ҳамон “пойга” ўйнаш билан овора эди-да. 

Равоқул ўзининг бошқарувидаги автомашинани йўл қоидаларига асосан чап томонидан қувиб ўтаётган, таниши Расулнинг бошқарувидаги “Нексия” автомашинасининг ҳаракатига тўсқинлик қилди. Бошқарув рулини чапга ўзгартириб, қувиб ўтаётган автомашинанинг йўлини тўсиб, машинанинг чап олди эшиги билан Расулнинг бошқарувидаги автомашинанинг ўнг олди қанотига туртилиб кетишди. Оқибатда Расул бошқарувидаги автомашинанинг ҳаракат йўналишини чап томонга чиқиб кетди. 

Йўлнинг қарама-қарши томонидан “Ангор-Новшаҳар” йўналишига томон велосипедда келаётган йўловчини чап ён томони билан туртиб юборди. Машина тақ этиб урилганидан сўнггина Расулнинг кўзлари ярқ этиб очилгандек бўлди. У машинадан тушди-ю ерда қонга бўялиб ётган одамга ёрдам бермоқчи бўлди. Қараса, велосипеддаги одам Аминнинг отаси, яъни ўзининг тоғаси Холмат эканлигини билди. Бир зум бошини чангаллаганича қолди. 

Расулнинг автомашинасида Зафар ҳам бўлганди. У ҳам машинадан тушиб ёрдамга шошилди. Равоқул ҳам нима қилишини билмай каловланиб қолди. Зудлик билан Холмат тоғасини шифохонага олиб боришди. Шу куни спиртли ичимлик ичганлиги, аммо ўзини билмайдиган даражада маст бўлмаганлиги, ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлиги учун Расул дастлаб кўргазмасида қариндоши Ибод рулда эди деб айтди. Ибод ҳам шунга рози бўлди. 

Холмат тоғаси 5 кун шифохонада ётгач, вафот этди. Расулнинг шундан сўнг виждони қийналиб, ўша куни рулда ўзи бўлганлигини ички ишлар идорасига бориб айтди. Суд айбдорларга тегишли жазо тайинлади. 

 

Камолиддин Хидиров,

жиноят ишлари бўйича

Сурхондарё вилояти 

Ангор туман суди раиси,

Хонбиби Ҳиммат қизи, журналист

Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!