Тиззангиз нега оғрийди?

Тиззангиз нега оғрийди?

Яқинларимиздан “Тун бўйи тиззам оғриб чиқди”, “Оёқ босишга қийналяпман” деган шикоятларни эшитганмиз. Айниқса, катта ёшли инсонлар бу дарддан кўпроқ азият чекиши ҳам кўпчиликка маълум.

Одатда, бу хасталик халқ орасида “туз йиғилиши” деган ном билан аталади. Аслида эса унга тиззада туз йиғилиши эмас, балки бўғим тоғайларининг мўртлашиши ва емирилиши сабаб бўлади.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов билан аҳоли ўртасида кенг тарқалган ушбу касаллик — остеоартрознинг келиб чиқиш сабаблари, белгилари ва даволаш усуллари ҳақида суҳбатлашдик.

— Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё аҳолисининг 16 фоизгача қисми остеоартроздан азият чекади, — дейди шифокор. — Касаллик одатда 40 ёшдан ошган беморларда кузатилади.

Соддароқ тушунтирсак, танамиздаги суяклар бир-биридан тоғай билан ажралиб туради. Суяклар бўғим юзалари эса бўғим пайлари билан мустаҳкамланган. Улар ҳаракат чоғида юзага келадиган ташқи зарбаларга қалқон бўлади.

Бўғимлар ички қавати махсус парда билан қопланган бўлиб, бўғим бўшлиғига суюқлик чиқариб туради. Шу туфайли бўғимлар эластиклиги ортади ва ҳаракат-таянч вазифасини ўтайди.

Остеоартрозда бўғим тоғайларининг эластиклиги камайиб, дағаллашади ва аста-секин қотади. Сўнг тоғай қавати юпқалашиб, бора-бора емирилади ва суякларнинг тоғай билан қопланган юзаси очилади.

Оқибатда суяклар ҳаракат вақтида бир-бирига ишқаланиб, эрозия юзага келади. Суяклар ён қирраларидан суяк ўсимталари пайдо бўлади. Бўғим чўзилиши билан боғлиқ ҳаракатларда оғриқ пайдо бўлади.

Касалликни келтириб чиқарувчи омиллар турлича. Бўғимларнинг туғма етилмаслиги — шулардан бири. Ҳомиладорлик давридаги зўриқиш ва жароҳатлар, ўткир, сурункали артрит, эндокрин бузилишлар ҳамда нерв касалликлари ҳам остеоартрозни юзага келтиради.

Бундан ташқари, бўғимлар яллиғланиши, улар ичидаги суяк синишлари хасталикни пайдо қилувчи омиллар сирасидан. Камҳаракатлилик, ёғли таомларни кўп тановвул қилиш эса семизликка олиб келади.

Оқибатда ўз-ўзидан бўғим тўқималарига озуқа ва кислород етиб бориши жараёни қийинлашади. Шундай вазиятларда бўғимларга тушадиган озгина оғирлик ҳам остеоартроз ривожланишига туртки бўлади.

Касалликнинг майда бўғимлар жароҳатланиши билан кечадиган тугунли турида эса наслий мойиллик ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шунингдек, артрознинг тоғай бўғими қариши билан боғлиқ бўлган ёшга доир тури ҳам мавжуд.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!