ТИВ: Хитой чет эл фуқароларини карантин эълон қилинган шаҳарлардан эвакуация қилишга рухсат бермаяпти

ТИВ: Хитой чет эл фуқароларини карантин эълон қилинган шаҳарлардан эвакуация қилишга рухсат бермаяпти

Ўзбекистоннинг Хитойдаги Элчихонаси ва Шанхай шаҳридаги Бош консулхонаси тақдим этган маълумотга кўра, 2020 йил 25 январь ҳолатига кўра, коронавирусли пневмониядан вафот этганлар сони 41 нафарга, касалланганлар эса 1287 нафарга етди, яна 1965 киши касалланган деган гумон билан шифокорлар назоратида. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган.

Ушбу вируснинг янада тарқалишини олдини олиш мақсадида Хубей провинциясининг Ухан шаҳри ва бошқа 12 та шаҳарлари карантин учун ёпилди. Маҳаллий ҳокимият гавжум жойларда вирус юқиши хавфининг юқорилигини инобатга олиб санитария тадбирлари давомида ташқарига чиқмасликни маслаҳат бермоқда.

Карантин эълон қилиниши муносабати билан тегишли ҳокимият органлари Хитойда аккредитация қилинган хорижий мамлакатларнинг барча дипломатик ваколатхоналарига чет эл фуқароларини карантин эълон қилинган шаҳарлардан эвакуация қилиш бўйича рад жавобини бермоқда.

Карантин киритилганидан сўнг бошқа давлатнинг элчихоналари ўз фуқароларини эвакуация қилгани тўғрисидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Хитойдаги дипломатик ваколатхоналари вазиятни назоратга олган ҳамда барча масалаларни, жумладан зарурат туғилганда Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш масалаларини ҳал қилиш учун тегишли ҳокимият органлари билан доимий алоқада бўлиб турибди.

Элчихона ва Бош консулхона вакиллари Ўзбекистон фуқаролари билан доимий мулоқот ўрнатган, жумладан “WeChat” ижтимоий тармоғида “Ухан 2020 Ўзбекистон” ва “Uzbeks in Wuhan” гуруҳлари ишлаб турибди.

Айни пайтда мазкур вазиятни мониторинг қилиш ва вируснинг Ўзбекистон ҳудудида тарқалишининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги қошида штаб ташкил этилди. Хавфли ҳудудлардан келадиган барча фуқаролар кузатувга олинади.

Manba: sof. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!