ТИВ Қозоғистонда тўхтаб қолган поезд йўловчиларининг тақдирини маълум қилди

ТИВ Қозоғистонда тўхтаб қолган поезд йўловчиларининг тақдирини маълум қилди

Қозоғистон жанубидаги Туркистон вилояти Арис шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда рўй берган портлашлар оқибатида ҳаракатланиши тўхтатиб қўйилган поездлар йўловчилари Тошкентга олиб келинди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, 2019 йил 25 июнь куни Уфа шаҳридан келаётган 382-сон темир йўл рейсининг қолган барча йўловчилари автобуслар орқали Тошкент шаҳрига юборилган.

Шунингдек, Челябинск-Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган ва Арис шаҳридаги ўқ-дорилар портлашлари оқибатида Туркистон шаҳрида тўхтатиб қўйилган “Россия темир йўллари”га қарашли 365-рейс йўловчилари “Жибек Жоли” – “Ғишт кўприк” назорат-ўтказиш пунктигача Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳокимияти кўмагида, чегаранинг бу томонидан Тошкент шаҳригача эса “Ўзавтотранс” автобусларида етказилди.

25 июнь куни кечаси Чимкент шаҳрида тўхтатиб қўйилган “Новосибирск-Тошкент” 370-темирйўл рейсининг 264 нафар йўловчисини Тошкент шаҳрига етказиш ишлари 26 июнь куни эрталаб давом эттирилди. 

Консуллик-ҳуқуқий департаменти Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур вазиятларда Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги Элчихонасига (тел.:  +7-717-295-42-52) ёки Олмаота шаҳридаги Бош консулхонасига (тел. :  +7-727-291-11-78) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган.

24 июнь куни Қозоғистоннинг Арис шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда ёнғин юз берди, кейинчалик омборхонада ўқ-дорилар портлаши содир бўлди. Шу муносабат билан бир неча поездларнинг ҳаракатланиши тўхтатиб қўйилган эди.

Портлаш оқибатида 71 киши жабрланган, улардан 15 нафари, шу жумладан, икки болакай касалхоналарга ётқизилган.

Сўнгги маълумотларга қараганда, фожиада уч киши ҳалок бўлган.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!