Тинтув қилинган Махмуд Ражабнинг уйидан “Пайғамбарлар тарихи” китоби олиб кетилгани ростми?

Тинтув қилинган Махмуд Ражабнинг уйидан “Пайғамбарлар тарихи” китоби олиб кетилгани ростми?

Ижтимоий тармоқларда юқоридаги ном билан тарқатилган хабар Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан ўрганиб чиқилиб, маълум қилинишича, 2019 йилнинг 26 март куни И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига Истанбул-Тошкент йўналишидаги авиарейс билан Ўзбекистон Республикасига келган Раджапов Махмуд Каримовичнинг қора рангли сумкаси божхона ходимлари томонидан кўздан кечирилганда, ундан божхона кўригида тақдим этилмаган жами 26 дона китоблар ҳамда бир дона Mi 5+ русумли уяли телефон аппарати хотирасида диний мазмундаги, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материаллар (видео, аудио ёзувлар ва электрон китоблар) борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йилнинг 30 апрель куни Тошкент-Аэро ихтисослаштирилган божхона комплекси томонидан М.Раджаповга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (Контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2019 йил 8 майдаги кўрсатмасига асосан жиноят иши бўйича дастлабки терговни ўтказиш Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасига юклатилган.

Жиноят иши бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 158-161, 163-моддалари тартибида, Хоразм вилоят прокуратураси санкцияси (рухсати) билан 2019 йил 10 майда М.Раджаповнинг Гурлан тумани, Бирлашган қишлоғида жойлашган хонадони ва ёрдамчи хўжаликларида вилоят ва туман ИИБ ходимлари, холислар, шунингдек, Шанғи маҳалла фуқаролари йиғини фаоллари иштирокида тинтув тергов ҳаракати ўтказилган.

Тинтув давомида М.Раджаповнинг хонадонидан уяли телефон, ноутбук, дисклар, 3 дона Туркия давлатида чоп қилинган (шу жумладан, Пайғамбарлар тарихи ) диний мазмундаги китоблар ва бошқа ҳужжатлар ўрганиш учун олинган. Тинтув якунида гумон қилинувчи М.Раджапов баённомага имзо чекишдан бош тортган, бу ҳақда тинтув баённомасида кўрсатиб ўтилган.

Бундан ташқари, тинтув тергов ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 91-моддаси 4-қисми талабларига асосан тўлиқ видеоёзув воситасидан фойдаланган ҳолда қайд этилиб, тинтув баённомасига илова қилинган.

Шунингдек, тергов ҳаракатлари давомида М.Раджаповдан олинган ашёвий далиллар бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг талаблари асосида тегишли (диншунослик, суд-сиёсатшунослик-лингвистик, компьютер-техник) экспертизалар тайинланган.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти раҳбарияти томонидан назоратга олинган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!