Тиллафурушлар божхонада ушланди

Тиллафурушлар божхонада ушланди
Мамлакатимизда фуқаролар ўз эҳтиёжлари учун 65 граммгача заргарлик буюмларини божхона тўловларисиз олиб киришга рухсат этилади. 
 
Давлат божхона қўмитаси ахборот хизматининг маълумотларига кўра, афсуски, ушбу маҳсулотларни юртимизга ноқонуний олиб киришга бўлган уринишлар ҳамон учраб турибди.
 
Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ғишткўприк” чегара божхона пости ходимлари ва Тошкент вилояти ИИБ вакили билан ҳамкорликда “Ғишткўприк” чегара божхона постига пиёда ҳолда кириб келган М. Р.га тегишли бўлган қўл юклари холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилди. Натижада, оғзаки сўровда божхона ходимига маълум қилинмаган, қиймати қарийб 61 миллион сўмлик, умумий вазни 1217 граммдан иборат бўлган оқ металлдан ясалган 184 дона ҳар хил турдаги заргарлик буюмларини яширинча олиб келинаётганлиги аниқланди.
 
Шу каби яна бир ҳолатда фуқаро А. А.нинг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганида, унинг қўл юклари орасида божхона ходимига оғзаки сўровда маълум қилинмаган, қиймати 42 680 000 сўмлик умумий оғирлиги 194 грамм бўлган 28 дона сариқ металлдан ясалган заргарлик буюмлари олиб кирилаётганлиги фош этилди.
 
Ушбу пост орқали Республикамизга кириб келаётган 10 нафар фуқароларнинг қўл юкларида божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган 121 миллион сўмга яқин 82 дона умумий оғирлиги 600 граммдан ортиқ бўлган турли заргарлик буюмлари мавжудлиги аниқланди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Manba: uza.uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!