«Тиланчилар...»

«Тиланчилар...»

Чорсудаги автошоҳбекатда бир тиланчи амаки бўларди. Ёши 70 лар чамасидаги бу амаки узун соқол қўйган, доим чакмон ва дўппида юрар, бекатдаги ҳар бир автобус ёки маршруткага чиқиб тиланарди.

Ўзим шогирдликда, қийинроқ аҳволда бўлганим сабаб ҳар қандай лўли зотига пул бермасам ҳам (у пайтлар тиланчи деганда фақат лўлилар тушуниларди), шу амакига йўқ деёлмасдим. Нимадир бериб кетардим...

Қиш кунларининг бирида қорним жуда очиб кетиб бекатдаги ошхонага 2-3 та "перашка" еб олиш учун кирдим. Қарасам нарироқдаги столда "таниш" тиланчи амаки ўтирибдилар.

Олдиларида шашликлар ассортименти ва иккита "стаканчик" ароқ!

Шу кундан бошлаб тиланчилар қаршимда қандай "маска"да намоён бўлмасинлар, мени тош қалбимни камдан кам ҳолда "эритишди".

Бир куни масжидда хуфтонни ўқиб чиқиб домла билан суҳбатлашиб тургандик, бизнесменлардек пўрим кийинган барваста бир йигит шошилиб келди ва биз билан саломлашгач сўради:
– Масжидилада камера борми?

Биз:
– Йўқ! (у пайтда йўқ эди)

– Фарғонадан синглимни кўзини операция қилдиришга опкелудик, портфелимни ичида анчагина пул бор эди.
Хуфтонни ўқиб қарасам, хонақоҳга қўйган жойимда портфелим йўқ. Ҳозир дориларни олишим керак ва эрталаб операция белгиланган! Шунга ёрдам бериб туринглар, ҳозир уйдан пул чақиртирдим эртага кечга опкеб бераман!
Домла 100 $ берди. Қолганлар ҳам қараб турмадик ва мусофирга баҳоли қудрат анчагина ёрдам қилдик.

Кейин эртасига кечқурун ҳам, индингаям... ундан кейин ҳам "жабрдийданинг" қораси кўринмади.

Йиллар ўтиб глобаллашув даврида тиланчилар ҳам бир жойда қотиб қолишмади. Улар ҳам ўз устиларида "ишлашди, изланишди".

Бир оғайнимиз "каптивасида" йўл четида турса, олдига бир "спарк" келиб тўхтабди ва сигнал чалибди. Қараса машина ичида "кийинвоган" икки ўзбек қизи ўтирганмиш. Қизлар спаркни ойнасини тушириб:
– Ока илтимос ўнта бензинга пул бериб туринг уйга етволилик “paynet” қиворамиз.

Дўстимиз ҳам уялганидан майдалашмасдан эллик минг берворибди. (бензин унда 2800 сўм эди) Орадан бир неча ой ўтиб яна йўл четида яна ўша услуб ва ўша "кўчада қопкетган" қизлар.
– Ока илтимос ўнта бензинга...

Оғайнимиз қизлага қараб:
– Олдин ўтган галги қарзилани тўлаворилачи!

Спарк чийиллаганча сурворибди...

Юқорида қиссалари келтирилганлар аслида майда тиланчилар.

Бизнес "табиб"лик қилиб ёки сохта ширк зиёратгоҳлар яратаётганлар, "қурилиш баҳонасида" пул йиғиб эҳсон қутиларини ўмараётган, мансабга ўтирсам ундоқ қиламан деб ёлғон ваъдалар бериб, курсига ўтиргандан кейин эса жиғилдонини ўйлаб халқнинг бойликларини "ухлатаётган" лар эса жамиятдаги энг катта ва хавфли тиланчилардир!

"Инсонларнинг ишончини суистемол қилиб ҳар қандай йўл билан пулини олиш гадойликдир!"

Ҳожиаҳмад УМРЗОҚОВ,

Azon.uz

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!