Тиббиёт ходимлари қандай қилиб коронавирус юқтириб олмоқда?

Тиббиёт ходимлари қандай қилиб коронавирус юқтириб олмоқда?

Италиянинг Рим шаҳридаги Nuova clinica Annunziatella касалхонасининг коронавирусга чалинганларни даволаш бўлими бошлиғи Массимилиано Бруньоло шифокорлар қандай қилиб COVID-19’ни юқтириб олиши мумкинлиги ҳақида гапириб берди. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.

Унинг айтишича, COVID-19 билан касалланган беморларга ёрдам берувчи шифокорлар ҳимояланиш учун зарур воситаларга эга ва жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилса ҳам коронавирус юқтириб олиши мумкин.

«Бизнинг ишимизда фавқулодда вазиятлар пайдо бўлиши мумкин, масалан, трахея интубацияси пайтида. Бу одатда оғир аҳволдаги беморларга ёрдам бериш пайтида содир бўлади. Бундай ҳолларда вирус билан бевосита алоқа қилмаслик жуда қийин. Хатар доим бўлади ва биз, шифокорлар, ҳеч қачон қўрқмаймиз десам, муболаға бўлади. Шунга қарамай биз ўз вазифамизни бажариб, одамларга ёрдам берамиз», — деган у.

«Бунинг сабаби ишимизни астойдил бажаришимиз, аввал бемор, кейин ўзимиз ҳақимизда ўйлашимиздир», — дея қўшимча қилган шифокор.

Эслатиб ўтамиз, Италия коронавирусга чалинганлар бўйича Европада биринчи ўринда турибди. Бутун мамлакат бўйлаб коронавирус оқибатида вафот этганлар сони 12 428 кишига етди, касаллар сони эса 105 минг кишидан ошди.

Италия Соғлиқни сақлаш олий институти маълумотларига кўра, эпидемия давомида 8 358 нафар италиялик тиббиёт ходимлари коронавирус юқтириб олган, улардан 63 нафари вафот этган.

Вирус тарқалишини реал вақт режимида кузатиб борувчи Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, бутун дунё бўйлаб COVID-19 коронавируси билан касалланганлар сони 861 мингдан, вафот этганлар эса 42,3 минг кишидан ошиб кетди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!