Тиббий ниқобларнинг хорижга ноқонуний олиб чиқилишига чек қўйилди

Тиббий ниқобларнинг хорижга ноқонуний олиб чиқилишига чек қўйилди

Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган ҳозирги синовли кунларда ушбу касалликка қарши мамлакатимиз аҳолиси ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиб, имкон қадар кам талофат билан уни бартараф этиш учун курашмоқда.

Бу мақсадда "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати ташкил этилди. Хорижда оғир шароитда қолаётган ватандошларимиз босқичма-босқич юртимизга олиб келиниб, шифокорлар назоратидан сўнг, яқинлари бағрига юборилмоқда.

Аммо, мана шундай вазиятда ҳам ўз манфаатини халқ манфаатидан устун қўювчилар учраб тургани ачинарли ҳол, албатта.

ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси ходимларининг божхона ходимларини жалб этган ҳолда ўтказган тезкор тадбири давомида Узун тумани "Янгиобод" МФЙнинг Тожикистон Республикаси билан чегарадош ҳудудидан ўтувчи "Кофирнихон" дарёси қирғоғида полиэтилен қопларга жойлаштирилган 5 турдаги дори воситалари ва 15.000 дона тиббий ниқоблар борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Шунингдек, туманнинг "Ўланқул" маҳалласидаги хонадонлардан бирида эса 20.000 дона фильтрли тиббий ниқоблар борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштириб олинди.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари доирасида аниқланишича, мазкур дори воситалари ва тиббий ниқоблар маҳаллий фуқаро "Б.Ф." га тегишли бўлиб, уларнинг умумий қиймати 356 млн. сўмдан зиёдни ташкил этади.

Мўмай даромад топиш мақсадида "Б.Ф." ушбу дори воситалари ва тиббий ниқобларни "ўзбек-тожик" давлат чегарасининг назорат қилиниши қийин бўлган қисми орқали Тожикистон Республикасига ўтказишни режалаштирган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!