The Guardian нашри Гулнора Каримовага берилган 220 миллион доллар борасида мақола чоп этди

The Guardian нашри Гулнора Каримовага берилган 220 миллион доллар борасида мақола чоп этди

Британиянинг The Guardian нашрига кўра, Бош вазир Борис Жонсон бошчилигидаги Британия консерватив партиясининг асосий донорларидан бири Муҳаммад Aмерси Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага пора беришда маслаҳатчи бўлган.

Нашрнинг 4 октябрда чоп этилган мақоласида швед телекоммуникация компанияси Телиа (собиқ Телиасонера - таҳр.) Гулнора Каримовага 220 миллион доллар пора бериб, Ўзбекистондаги мобил бозорига кира олгани айтилган.

Муҳаммад Aмерсининг адвокатлари таъкидлашларича, коррупция тўловларини "атайлаб" тарғиб қилиш ҳақидаги ҳар қандай тахмин "ёлғон"дир. Уларнинг сўзларига кўра, битим бўйича асосий келишувлар бундан икки йил олдин тузилган. Aдвокатларнинг қайд этишича, Aмерси Телиа Гулнора Каримовага пора беришни режалаштираётганини "ҳатто ўйлай олмаган".

Бироқ, The Guardian ва BBC Panorama ўз терговлари давомида маълум бўлишича, Aмерси Телиа билан олти йил ишлаган ва компаниянинг Марказий Осиёдаги мобил бозорига кириб келишида муҳим рол ўйнаган.

The Guardian ёзишича, Муҳаммад Aмерси шу даврда воситачилик қилгани учун 65 миллион доллар олган ва якшанба куни чиқарилган Пандора ҳужжатлари шуни кўрсатадики, бу пулларнинг бир қисми Буюк Британияда қимматбаҳо кўчмас мулк сотиб олишга сарфланган.

The Guardian ва BBC Panorama минглаб саҳифаларни – электрон почта, суд ҳужжатлари, ҳисоб-фактуралар, корпоратив файллар ва ички ҳисоботларни кўриб чиқди ва Aмерсининг Телиа компаниясининг Марказий Осиёдаги роли билан таниш бўлган кўплаб манбалар билан гаплашди.

2017 йилда Муҳаммад Aмерси Оксфорд университетида бўлиб ўтган тадбирда нутқ сўзлаган ва уни "коррупцияга қарши курашиш мажбурияти" учун олқишлашган. Унинг ўзи коррупцияга қарши кураш "унинг юрагига яқин мавзу" эканлигини айтди.

Кениялик 61 ёшли Муҳаммад Aмерси Буюк Британиядаги 2019 йилги парламент сайловларида Консерватив партияга 100 минг фунт (136 минг AҚШ доллари атрофида) хайрия қилди. Бундан олдин у Борис Жонсон, Майкл Гове ва Консерватив партия раҳбари ва шунинг учун мамлакат бош вазири лавозимига даъвогар бўлган Жереми Хантнинг сайлов кампанияларини молиялаштиришга ўз ҳиссасини қўшган.

The Guardian нашрининг ёзишича, ҳозирда турли телекоммуникация лойиҳаларида иштироки билан танилган британиялик тадбиркор, ўзи яратган янги гуруҳ ёрдамида Яқин Шарқдаги консерваторлар стратегиясига таъсир ўтказмоқчи.

Шу йилнинг февраль ойида Швеция суди Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага пора берганликда айбланаётган Телиа (Ucell брендининг маҳаллий номи - таҳр.) собиқ раҳбарларига нисбатан оқлов ҳукмини тасдиқлади.

Компаниянинг учта собиқ раҳбарлари Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш учун тахминан 320 миллион долларни пора сифатида Гулнора Каримованинг оффшор компаниялар ҳисобига ўтказганликда гумон қилинган.

Бу шубҳалар биринчи бўлиб Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази ва Швециянинг СВТ телеканали журналистлари томонидан ўтказилган терговда айтилган.

2019 йил феврал ойида Стокголм суди ўз ҳукмига биноан уларни жиноятларда айбсиз деб топди. Судялар Телианинг собиқ раҳбарлари "техник жиҳатдан" Каримовага пора бермаган деб ҳисоблашди. Aйнан мана шу қонуний чеклов туфайли, Швеция суди Телианинг собиқ раҳбарларини оқлаш тўғрисида қарор чиқарди.

Суд шарҳида айтилишича, фақат давлат ёки давлат хизматчисига пул ёки бошқа моддий бойликларнинг ўтказилиши коррупция деб баҳоланиши мумкин. Суд жараёнида прокуратура Гулнора Каримова пора бераётганда телекоммуникация соҳасида етарлича ваколатга эга бўлган мансабдор шахс эканлиги тўғрисида ишончли далилларни келтира олмади.

Гулнора Каримованинг ўзи қамоқ жазосини ўз ватанида ўтамоқда. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 2020 йил 18 мартда Каримовани 13 йил 4 ойга ҳукм қилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!