The Guardian: Байден маъмурияти Россия учун "Нюрнберг" ғоясини қўллаб-қувватлай бошлади

The Guardian: Байден маъмурияти Россия учун "Нюрнберг" ғоясини қўллаб-қувватлай бошлади

Британиянинг The Guardian газетасининг ёзишича, АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятининг муҳим шахслари Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин содир этилган ҳарбий жиноятларни ва Россия ҳукуматининг бу урушдаги ролини ўрганадиган махсус трибунал яратиш ғоясини қўллаб-қувватламоқда.

Нашрнинг қайд этишича, дастлаб Қўшма Штатлар бундай ғояга шубҳа билан қараган, бироқ трибунал яратиш учун фаол чақириқлар қилаётган Украина етакчиси Володимир Зеленскийнинг жиддий саъй-ҳаракатлари Байден атрофидаги кўплаб асосий ўйинчиларни ўз позицияларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.

АҚШнинг Халқаро жиноий судда махсус топшириқлар бўйича элчиси Бет ван Шаак: "Бу президент Зеленскийни жуда хавотирга солаётган ва Украина хоҳлайдиган ҳодиса, менимча, бу катта аҳамиятга эга".

Аввалроқ у Халқаро жиноий суд Россия президенти Владимир Путин устидан юрисдикцияга эга эканлигини, Халқаро жиноий судининг ўзи эса Украина ҳудудида содир этилган ҳарбий жиноятларни тергов қилишни бошлаганини маълум қилган эди.

Аммо Украина раҳбарияти Халқаро жиноий суд Россия раҳбариятини эмас, фақат аниқ ҳарбий жиноятчиларни жиноий жавобгарликка тортишга қодир, деб ҳисобламоқда ва алоҳида трибунал яратишни талаб қилмоқда.

The Guardian нашрининг ёзишича, ҳозирда дипломатлар бундай трибунал қандай бўлиши мумкинлигини муҳокама қилмоқда ва иккита вариантни кўриб чиқмоқдалар. Биринчидан, бу Украина ва БМТ томонидан биргаликда тузилган суд бўлиши мумкин, иккинчидан, трибунал Украина томонидан Европа Иттифоқи ёки Европа Кенгаши билан биргаликда БМТ кўмагида тузилади.

Газетанинг ёзишича, БМТда бундай трибунални яратиш бўйича резолюция лойиҳаси аллақачон пайдо бўлган.

Трибунал яратиш ғояси мухолифларининг фикрича, унинг пайдо бўлиши Халқаро жиноий суд мақомини пасайтиради, шунингдек, у Россия раҳбариятини ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича музокаралардан узоқлаштириши мумкин. Улар, шунингдек, давлат раҳбарлари ва ташқи ишлар вазирлари халқаро ҳуқуққа кўра, миллий судларда халқаро суднинг таъқиб қилишидан иммунитетга эга бўлиши мумкинлигини таъкидламоқдалар.

Айни пайтда трибунал яратиш ғояси Франция, Нидерландия ва Болтиқбўйи мамлакатлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. АҚШ ва Буюк Британиянинг бу борадаги позицияси яқин вақтгача ўзгармас бўлиб қолаётган эди.

Шунингдек, ўтган ҳафта Украинанинг биринчи хоними Елена Зеленская Буюк Британия парламенти аъзолари олдида чиқиш қилиб, трибунал яратиш ғоясини ҳимоя қилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!