“Телефонингизни ўз мижозларимга сотиб бераман...”: фирибгарга суд ҳукми ўқилди
Энг аввало таъкидлаш жоизки, фирибгарлик учун Жиноят кодексининг 168-моддасида жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритишда ифодаланади.
Суд амалиётидан биргина мисол келтирсак. Судланган Илҳом Шарипов (исм шарифлар, жой номлари шартли), ўзганинг мулкини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан эгаллаш мақсадида, Риштон туманида жойлашган “Barf” номли савдо дўконга келиб, ушбу дўкон сотувчиси бўлиб ишловчи таниши фуқаро Карим Холматов ишончига кириш мақсадида, гўёки сотувдаги телефон аппаратлари учун харидорлари мавжудлигини, насияга бериб турса, ўзининг харидорларига сотиб, уч кун муддат ичида пулларини олиб келиб беришини айтиб, алдаб, унга тегишли бўлган, жами нархи 2.500 АҚШ (банк маълумотига кўра, жами 31.257.775 сўм) доллари миқдоридаги 13 турдаги турли-хил телефон аппаратларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзга шахсларга сотиб юбориб, пулларни ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Бундан ташқари, судланувчи И.Шарипов, такроран, ўзганинг мулкини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан эгаллаш мақсадида,
Риштон туманида жойлашган “Barf” номли савдо дўконга келиб, ушбу дўкон сотувчиси бўлиб ишловчи таниши фуқаро Карим Холматовни ишончига кириш мақсадида, гўёки сотувдаги телефон аппаратлари учун харидорлари мавжудлигини, насияга бериб турса, ўзининг харидорларига сотиб, уч кун муддат ичида пулларини олиб келиб беришини айтиб, алдаб, унга тегишли бўлган, жами нархи 500 АҚШ доллари миқдоридаги 2 турдаги турли-хил телефон аппаратларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзга шахсларга сотиб юбориб, пулларни ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Суд, судланувчининг айбига иқрор бўлиб берган кўрсатувини ҳамда жабрланувчиларнинг уларга етказилган зарарлар қопланганлигини билдириб, қонуний енгиллик сўраб берган кўрсатувларини,тарафларнинг музокара нутқлари, судланувчининг охирги сўзини тинглаб, жиноят иши материалларини ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқиб судланувчи И.Шариповни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганганликда айбли деб топиб, қонун санкциясида кўрсатилган жазони тайинлади.
Нозимжон Аюбжонов,
жиноят ишлари бўйича Риштон туман судининг судьяси