Театр – барчани бирлаштирадиган, завқ улашадиган маскан

Театр – барчани бирлаштирадиган, завқ улашадиган маскан
Жорий йилнинг 15 сентябридан бошлаб “Дийдор” театр-студиясининг янги мавсуми “Қийиқ қизнинг қуйилиши” комедияси билан очилди.
 
Театр – янгилик, изланиш, тажрибалар билан янада ёшариб, хослик даражасини ўстириб бораверади. Олис давр руҳиятини, ўтмишнинг турфа хил характердаги кишилари образини ўз ўқувчисига яқинлаштиришда моҳир таржимоннинг ўрни беқиёс. “Қийиқ қизнинг қуйилиши” комедияси Ўзбекистон халқ шоири, драматург, асар таржимони Туроб Тўла таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан саҳналаштирилди.
 
Баҳодир Йўлдошев, Ўзбекистон халқ артисти, “Дийдор” театр студияси бадиий раҳбари:
 
– “Дийдор” театр-студияси ўқув студияси бўлгани учун бўлажак актёрлар ҳар хил услубдаги спектаклда тобланишлари керак. Нафақат менинг режиссёрлик мактабим асосида, балки дунё режиссёрлари услубини кўриб ҳам тарбия олишлари муҳим. Шу маънода биз Россиядан режиссёр таклиф қилдик. Сергей Потапов ушбу асарга қўллаган режиссёрлик услуби жаҳон театрининг услубларидан бири. Бу ноодатий ёндашув наинки театримиз ёшларига, томошабин учун ҳам катта мактаб. Томошабинимиз турли режиссёрлар услубларини “ўқиш“ни ўрганиши лозим.
Шоир Туроб Тўла билан жуда кўп йиллар ҳамкорликда ижод қилганмиз. У кишидан ўрганганларим бисёр. Айниқса, шеъриятни тушуниш, яхши шеърни қадрлаш борасида. Туроб ака яхши шоир бўлиши билан бир қаторда ноёб таржимон ҳам эдилар. Улар учун таржима кўнгил иши эди. Уильям Шекспирнинг мазкур асарини ҳам яхши кўрганидан таржима қилганлар ва таржимонни Уильям Шекспирга бўлган муҳаббати бу спектаклда жуда ёрқин кўринади. Драматургнинг ҳар битта сўзни ўзбекчалаштиришда авайлаб ёндашганлар. Ўзбек тилини кўп қирралилигини, жарангини ниҳоятда қадрлардилар. Спектаклда Туроб аканинг қўшиқларидан ҳам ўрнида фойдаландик. Яхши шоир ҳеч қачон ўлмайди! У шеърларида, таржималарида қолади!
 
Ҳозирги замон қизларида муҳаббатга у қадар ишонч қолмаган. Улар йигитлар отамнинг давлатини кўзлаб, манфаат юзасидан уйланмоқчи, деган шубҳали фикрдалар. Баъзида бу фикрлари тасдиқланади ҳам. Турмуш ҳам қуришади, лекин орада муҳаббат йўқ, афсуски, фақат манфаатлар бирлаштириб туради. Асар бош қаҳрамони – Катарина ҳам худди шундай. У бугунги замон қизига ниҳоятда яқин. Петруччо ҳам аввалига бойликка учади, лекин Катаринани кўнглини тушунгандан кейин бу қизни отасини пулларини эмас, ҚАЛБини севиб қолади. Петруччо тушуниб етадики, унинг қайсарлиги жамиятдаги, инсонлардаги сохталикларга ИСЁН! У аслида қайсар ҳам эмас, у сохта муҳаббат эгаларига ИСЁН кўтаради. Катарина Исёнкорликда Гамлетга тенг қаҳрамон!
 
Акбархўжа Расулов,“Дийдор” театр-студияси актёри:
 
– Бу сурат бир қарашда оддий кўриниши мумкин. Ҳамма шод, ҳамма мамнун. Лекин бу суратгача бўлган изланиш, меҳнатни эсланса, унинг қадри ошади. Қимматлилиги шунда...
 
Тўрт йил аввал актёр Бобур Йўлдошев чет эл фестивалида режиссёр Сергей Потапов билан танишиб қолади ва юртимизга келиб спектакль қўйиш таклифини беради. Сергей Потапов ҳам буни маъқуллайди, бироқ вақт масаласи туфайли бу режаси ортга сурилаверади. Ниҳоят, у роппа-роса тўрт йил ўтиб, театримизга ташриф буюрди. Энг қизиғи шундаки, режиссёр бу спектаклни ўзи яхши билмаган юртнинг давлат тилида саҳналаштириши керак эди. 7 июль санасидан репетициялар бошланди. Камина режиссёрга ассистент бўлиб тайинландим. Аввалига иш юришиши бироз қийин бўлди: пьеса ўзбек тилида қўйилиши керак, режиссёрга бўлаётган воқеани рус тилида тўхтамай таснифлаб туриш лозим. Актёрлар эса бу тарздаги ритмда ҳали ишламаган.
 
Жамоа аъзолари эрталаб соат 8:00 дан то кечки соат 21:00 гача ҳар куни тўхтамай ишлаб, тинкаси қуриб, эртасига яна янги шижоат топиб келадилар. Шу зайлда орадан бир ҳафта ўтгач, режиссёр ва актёрлар бир-бирини кўпроқ тушуна бошлашди ва жараён тезлашиб кетди. Иш қизғин, вақт кам, атиги бир ойда спектакль тўла-тўкис тайёр бўлиши учун ҳамма тиним билмай жон куйдирарди. Шундай қилиб кўп қийинчилик, санъатнинг ширин азобларидан сўнг бир ой мобайнида спектакль тайёр бўлди.
Энди суратга яна бир қаранг...
Эринманг, қаранг... 
Қарадингизми? 
Мана энди суратни қадри ҳам Сизга аён...
 
Моддиятни, шон-шуҳрат кетидан қувмай, касбини сотмай, ухламай ишлаган бу қоракўзлар ҳам қайсидир маънода бугунимиз қаҳрамонларидир! 
 
Юлдуз Ражабова, “Дийдор” театр-студияси актрисаси:
 
Мазкур асарни экранда, саҳнада турли талқинларини кўрганмиз. Лекин Сергей Потаповни актёрларга қўйган вазифаси ноанъанавийлиги билан янгилик эди. Қўйилган вазифа асосида ижро услубларини қидириб топиш анчайин изланиш талаб қилди.
 
Ўлмас Ўраев, “Дийдор” театр-студияси актёри:
 
- Комедия жанрининг гротеск, фарс, буффонада, дел арте (ниқоблар театри) услублари қоришиғи ва шу биргаликда драматик ижро услубини уйғунликда талқин қилиш актёрни чархлайди, катта тажриба беради. Ёқутистонлик режиссёр Сергей Потапов мазкур услубни бизга тушунтира олди ва бир ой давомида қилинган меҳнат ўз самарасини берди. Спектаклни барча ижодкорларини, саҳна орти заҳматкашларини ҳам табриклайман, уларга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан! Театр – барчани бирлаштирадиган, яхши кайфият, завқ улашадиган маскан!
 
Умаржон Жумаев, “Дийдор” театр-студияси актёри:
 
Қаҳрамоним Петруччо тўпорилиги сабабини унинг ҳимоя қилиш қатлами деб тушундим. У ўзининг меҳр-муҳаббатини шу тўпорилиги билан беркитмоқчи бўлади, яъни қалбини асрайди. Петруччо шуниси билан серқирра персонаж. Шунингдек, ҳар бир сўз учун уни оқлайдиган ҳаракат топиш керак эди: сўз моҳияти, жисмоний ҳаракат, пластика, маҳорат уйғунликда ривожланиши талаб қилинди. 

Manba: uza.uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!