Тарози ҳалоллик мезони: Аммо бу мезонга дарз кетса-чи?

Тарози ҳалоллик мезони: Аммо бу мезонга дарз кетса-чи?

“Ўзстандарт” агентлигининг ташаббуси билан истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида пойтахтимиздаги деҳқон бозорларида қўлланилаётган тош ва тарозиларнинг бугунги ҳолати танқидий ўрганилди.

Минг афсуски ўрганишлар натижасида ижобий қадамлар ташлангани билан бир қаторда, узоқ йиллардан буён ўз ечимини кутавериб тақдирга тан берган масалалар ҳали-ҳануз ўз ечимини топмаяпти.

Қонунчилик талабларига асосланадиган бўлсак, деҳқон бозорлари маъмурияти сотувчиларни электрон тарозилари билан тўлиқ таъминлаб беришлари кўрсатиб ўтилган.

Минг афсуски, бозорларнинг раҳбарияти мазкур муаммога кўз юмушлари оқибатида сотувчилар ўзларининг шахсий тарозиларидан фойдаланишга мажбур бўлаяптилар.

Ўрганишлар натижасида айни кунда Тошкент шаҳри бозорларида 1003 дона хусусий тарозилардан фойдаланилмоқда.

Деҳқон бозорларида жами 2305 дона тарозилар етишмаслиги маълум бўлди.

Жорий  йилнинг ўтган даври мобайнида белгиланган режага асосан, пойтахтимиздаги 13 та бозорларни 964 дона замонавий электрон тарозилар билан таъминлаш керак эди. Минг афсуски мазкур режа бор-йўғи 59 фоизга бажарилганлигини қандай изоҳлаш мумкин. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак ҳаммаси бўлиб 570 дона тарози харид қилинди холос.

Муаммо муаммони келтириб чиқаради деганларидек, Тошкент шаҳридаги деҳкон бозорларида тарозиларнинг етишмаслиги оқибатида сотувчилар давлат қиёслаш кўригидан ўтказмасдан шахсий тарозилардан фойдаланишларига йўл қўйилмоқда.

Ўзингиз бир мушоҳада қилиб кўринг, “Ўзстандарт” кўригидан ўтмаган тарозининг тўғри ишлашига ким кафолат беради.

Агар мавзуга чуқурроқ ёндошадиган бўлсак, “Авиасозлар” бозорида 95 дона, “Аския” бозорида эса 36 дона, “Чилонзор” деҳқон бозорида 42 дона, “Наврўз” бозорида 118 дона, “Олой” бозорида 33 дона, “Сирғали” бозорида 87 дона, “Фарход” деҳқон бозорида 218 дона, “Эски жува”да 142 дона, “Юнусобод” 81 дона, “Қўйлик” бозорида 119 дона, “Қора-қамиш” бозорида эса 32 дона тарозиларга эҳтиёж юқорилигича қолмоқда.

Халқимизда ўзганинг ҳаққига хиёнат қилмаслик,савдода ҳалоллик мезонларини бузмаслик ва энг муҳими истеъмолчиларнинг манфаатлари олий қадрят сифатида эъзозланиб келинган.

Бозорларимиздаги бундай муаммолар масъул раҳбарларнинг ёрдамида тез кунларда бартараф этилишига умид билдирамиз.

Manba: uzstandart.uz

Бўлимга тегишли бошқа хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!