Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармасининг рақамли онлайн платформаси ишга туширилди

Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармасининг рақамли онлайн платформаси ишга туширилди

Жорий йилнинг 1 октябридан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармасининг рақамли онлайн платформаси ишга туширилди.

Вазирлик матбуот хизмати маълум қилишича, ушбу платформадан фойдаланган ҳолда истеъмолчилар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қуёш панеллари ва қуёш сув иситгичларини 3 йилгача фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан харид қилиши мумкин.

Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия қурилмалари нархини тўлиқ тўлаган истеъмолчини харид қилган харажатларининг бир қисми жамғарма ҳисобидан қопланади. Аҳоли товар ва ишлаб чиқарувчини танлаш ҳуқуқи билан жамғарманинг https://energymarket.uz/ онлайн платформаси орқали рўйхатдан ўтиш ва харид қилиш учун ариза топшириш имкониятига эга.

Жамғарма “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки, «Ипотека-банк» акциядорлик тижорат ипотека банки, “Халқ банки” акциядорлик тижорат халқ банки ва “Саноат қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки билан энергия тежаш ва қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида ускуналар харид қилиш учун яшил истеъмол кредитлари бериш тўғрисида шартномалар имзолаган.

Айни кунда платформа тест режимида ишламоқда. Ишлаб чиқарувчи компанияларнинг таклифларини тўлдириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, онлайн платформа Президентимизнинг 2022 йил 9 сентябрдаги “энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида амалга оширилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!