Таркибида спирт бор дори ва озуқалар

Таркибида спирт бор дори ва озуқалар

Маст қилувчи спирт ҳозирда жуда кўп дори-дармон воситалари ва анчагина егуликларда ишлатиляпти. Бунинг сабаби спиртда сақловчилик (preservatives) хусусияти бор бўлиб, ундан маҳсулотни айнитмай сақлаш учун фойдаланилмоқда. Бундан ташқари спирт кўпгина кимёвий мақсадларда ҳам қўлланади. Қисқаси замонавий саноатнинг барча соҳалари спирт истеъмолига муҳтож. Шаръий тил билан айтганда у “умумий балво”га айланган.

Спирт уч хил мақсадда ишлатилади. 1. Даволаниш учун. 2. Ташқи истеъмол учун. Сиёх, атир ва бўёқларда ишлатилгани каби. 3. Егуликлар учун. Шоколад, музқаймоқ ва бисквитларга қўшилгани каби.

Спиртни ишлатишнинг турли мақсадларига нисбатан шаръий ҳукмларни ўрганишни даволаниш мақсадида ундан фойдаланиш масаласидан бошласак. Ҳанафий мутааххир олимларининг фатволари имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг: “Агар унда шифо борлиги маълум бўлса ва бошқа шифо бўлувчи нарса топилмаса, ҳаром нарсалар билан ҳам даволанса бўлади” деган қавлларига асослангандир. Уларга кўра бу ҳукм ҳаммо ҳаром қилинган нарсаларни, ҳатто хамрни ҳам ўз ичига олади.

Моликий ва ҳанбалийларда рожиҳ қавлга кўра, хамр билан даволаниш мутлақо жоиз эмас. Шофиъий ва баъзи моликийларда эса, агар хамр бошқа дорига едириб юборилган бўлса у дори билан муолажа қилса бўлади. Шулардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳанафий мазҳабимиздаги рожиҳ қавл – агар спирт бошқа дорига едириб юборилмаган бўлса ҳам  мутлақ ҳалолдир. Фақат шу шарт биланки, ўша пайт ва ўша дардга бошқа ҳалол дори-дармон топилмасин.

Кейинги истеъмол – спиртни даволаниш учун эмас, балки атир, сиёх ва бўёқ каби ташқи ишлатишнинг ҳукмига келсак, унинг нажосат ёки покизалигига қараб ҳукм фарқланади. Ҳанафий мазҳабимиздаги мухтор қавлга кўра, хурмо ва узумдан ясаладиган тўрт хил ичимликдан бошқаси нажосат эмас. Бинобарин истеъмол учун ишлатиладиган спиртлар мазкур тўрт хил ичимлик сирасига кирмайди. Улар имом Абу Ҳанифа ва имом Абу Юсуф раҳимаҳумаллоҳ қавлларига кўра нажосат эмасдир. Демак, уларнинг қавлларига биноан таркибида спирти бор атир, сиёҳ ва бўёқ кабиларни ишлатиш жоиздир. Бошқа мазҳабларда эса бу нарсалар ҳалол саналмайди. Шофииъйлар айрим шартлар билан спирт ташқи истеъмолининг айрим кўринишларинигина жоиз дейишган.

Энди спиртнинг охирги истеъмол тури – ейиладиган ва ичиладиган маҳсулотларга қўшилишига келсак, унинг ҳукми имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга кўра, агар у маст қилиш даражасига етмаса, ҳаром бўлмайди. Мутааххир ҳанафийлар жумҳурнинг мазҳабига асосланган имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг қавлларига фатво берадилар. Унга кўра маст қилувчи ичимликнинг ози ҳам, кўпи ҳам ҳаромдир. Лекин бу фатво уни тўғридан-тўғри истеъмол қилишга тегишлидир. Аммо спирт бошқа моддага аралашса ва спирт унда “истиҳола” жараёнидан ўтса, тановвули ҳалол бўлади. Лекин бу ҳолда “истиҳола” спиртнинг моҳияти ўзгариши билан бўлиши керак. Унинг сифатлари ўзгаришининг ўзи “истиҳола” маъносида бўлмайди.

Бу ҳақда Ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар: “Қиёмга айлантириш ҳақиқий истиҳола эмас. Чунки у пишириш сабабли қуюқлашган шарбатдир. Шунингдек кунжутни янчиб, чиққан ёғига аралаштирилса, бунда ҳам сифат ўзгаради холос. Бу сутдан пишлоқ, буғдойдан хамир ва хамирдан нон тайёрлангани каби бўлади. Лекин хамрнинг сиркага айланиши ёки эшакнинг туз конига тушиб кетиб, тузга айланиши бошқа масала. Чунки бу ҳолатларда фақат сифатнинг ўзгариши эмас, балки бир ҳақиқат бошқа ҳақиқатга айланиши, яъни истиҳола содир бўлмоқда”.

Демак спиртнинг моҳияти ҳақақатда ўзгармаса, балки фақат сифат ўзгаришигина юзага келса, ҳанафий уламолар наздида ҳам ҳалол бўлмайди. Балки Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳдан бошқа ҳеч бир олим унинг истеъмолини жоиз демаган.

Энди афюн, банг ва гашиш каби маст қилувчи қаттиқ моддалар масаласига тўхталсак, бу моддалар нажас эмас. Уларни даволаш ва бошқа саноат соҳаларда ишлатиш жоиз. Бинобарин уларнинг олди-сотдиси ҳам мубоҳ. Имом Ҳаскафий “Дуррул-мухтор”да бундай дейдилар: “Ақлни кетказувчи бу нарсалар ҳақида шундай дейилади: Ақлни кетказар қадар ишлатмайдиган кишиларга мазкурларни сотиш жоиз бўлади”.

Аллоҳ янада билувчироқ.

Мубашшир АҲМАД,

Azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!