Тарихинг унутма, эй халқ!

Тарихинг унутма, эй халқ!

Бир оилада ўн ўғил бор. Уларга ота раҳбар. Раҳбарнинг сўзини бекаму кўст бажараётган хонадонда барака тўлиб тошган. Иккинчи хонадонда ҳам ўн ўғил бор, аммо оила вазири она доимо фарзандларини бир-бирига қайрайди. Отанинг сўзини сариқ чақага олишмайди. Ўзаро уруш-жанжаллар боис, барака йўқ. Уларнинг мақсади ота ҳовлини сотиб, ўзаро бўлиб олиб, бой бўлиш. Уруш жанжалли хонадон ҳовлисини иттифоқ бўлган ўғиллар сотиб олишди. Жанжалкаш ўғиллар оз фурсатда топганларини совуриб хор бўлишди. Бой оилага хизматкор бўлишди. Оғир меҳнатларга учрашсада ақллари кирмади. Доимо келажакда буюк бўламиз деб, орзулар қилишди. Орадан йиллар ўтиб бой ўғиллар уларга ҳуррият беришди. Ўзлари рўзғор тебратишни уддалай олмаган болалар, яна уруш-жанжаллари, иттифоқсизликлари боис ҳеч нарсага эриша олишмади. Яна ортга хўжайинларига қайтишди. Ўзларини мустақил иш олиб боролмасликларини айтиб, бой ўғилларга арзимас чақа учун хизматкор бўлиб юришни афзал билишди. Чунки улар доимо буйруқ бажариб ўрганишганди. Шу боис аввалги хўжайинга хизматкор бўлишни афзал билишди. Буйруқни бажариб, қоринларини тўқ бўлишини ҳурриятдан афзал билишди.

Қиссадан ҳисса юртимизни Чингизхон босди. Юртни талади. Сахaвотсиз бойлар, адолатсиз амирларни қириб, топганларини тортиб олиб, уйларини култепа, ўзларини хору зор қилишди. Олимлар ва фуқарони соч қиргандай қирди. Аллоҳ таолонинг инояти билан юрт озод бўлди. Амир Темур дунёга ҳукмдор бўлди. Ундан сўнг авлодлар яна тахт, ҳокимият ва амал талашишлари боис, тараққиёт йўлини қўйиб, жоҳиллик йўлини танлашди. Битта аёл деб Бухоро амирлиги билан Қўқон хонлиги ўртасида қонлар тўкилиб, қанча одамлар ҳалок бўлди. Камбағал, мискинлар, етим ва муҳтожлар кўпайди. Уларнинг додига етадиган, кўмак берадиганлар камайиб кетди. Яна амалдорлар, бойлар ўз маишатларини ўйлаб: “Ўзимнинг болаларим тинч бўлса бўлди. Ўзга билан нима ишим бор?!”, деб ҳаддан ошишди.

Ажабо яна ким ўзарга тўйлар, баланд-баланд иморатлар қуришди. Бебош давлат амалдорлари подшоҳнинг буйруқларини бажаришмади, насиҳатларига қулоқ солишмади. Четдан пойлаб турган Чор Россия империяси босиб келиб, биринчи амалдорларни, бойларни ва олимларни қирди. Мискин ва муҳтожлардан қизғанган ғанийларнинг бойликларини уриб-суриб тортиб олиб, саройларини вайрон қилди.

Орадан яна вақт ўтди. Халққа яна бойлик ва мартабалар етди. Бойликка эришган бойлар кечаги ота-буваларининг жабру жафосини яна унутдилар. Яна муҳтож, мискин ва ғариблар кўпайди. Бечора халқнинг очлари ғайри динларнинг сариқ чақаси учун уларнинг хизматкори бўлиб, эшикларида хизмат қилишди. Бой ва амалдорлар эса кўчаларда гадойлик қилиб юрган диндош биродорига ёрдам бермай, яна фахрланиш, кибр, манманлик отига минишди. Мактаб, мадрасага сариқ чақа беришмади. Тараққиётни ўйламадилар. Махфий гуноҳлар гирдобида бўкдилар. Ким ҳақни гапирса, турли туҳматлар қилиб хорлашди. Қозию муфтийлар ўз нафсларига мос фатволар чиқаришди. Уларга қарши гапирганлар устидан кофир деб ҳукм чиқаришди. Қамоқхоналарда чиритишди. Жадидчиларнинг устидан турли бўҳтонлар уюштиришди. Шундай ҳолда ғафлатда юрганларида Лениннинг буйруғи билан Фрунзенинг арман каллакесарлар армияси билан биринчи амалдорларни, сўнгра бойларни ва қозию муфтийларга қўшиб, қори, олим ва эшон тўраларни қиришди. Турклардан ололмаган аламларини туркий ва форсий забонлар қони эвазига қасд олишди. Хасис бойлар бир тангага зор қилиниб ўлдирилиб, Сибирга сургун қилинди. Оз муддатда топганлари йўқ бўлди. Хонимонларидан ажралишди. Мискинларга шафқат қилмаганлар қашшоқ, мискинлардан ҳам бадтар бўлдилар. Халқ бойларни тарафини олиб бош кўтармадилар. Балки босқинчиларга янги умид билан боқдилар. Ҳаммаси йўқолса йўқолсин қорнимиз тўқ, устимиз бут, болаларимиз бахтли бўлса бўлди, дейишди. Миллионлаб одамлар қони эвазига маълум муддат бахтли яшашди. 1980 йиллар ўртасида Гдлян ва Иванов бошчилигидаги қонхўрлар “Ўзбек иши”, деб, олтмиш мингга яқин амалдорлару бойларни қамаб хўрлади. Албатта уларнинг ичида камбағал, гуноҳсизлари ҳам бор эди.

Мен бу билан нима демоқчиман? Бугун яна тарихни унутдик, бой-бадавлат, амалдорларнинг бор будидан ажраб, хорланганларини эсдан чиқардик. Яна кибр, мақтанчоқлик, уй-жой қуришда мусобақаларга киришдик. Тўйларда мақтаниш, уй-жой, машина, тиллоларимиз билан мақтаниб, бечора ғарибларни унутдик. Уларга корхона қуриб, иш жойлар яратиш ўрнига бойлар топганини исроф қилмоқда. Давлат подшоҳини айтганини бажармай ички низоларга куч бермоқда. Ҳақни гапирганларни жазолаш, хорлашга ўтдик. Россия совуқларида азоб чекиб, арзимаган пулга ишлаб, хорланаётганларни кўриб, ўша менинг диний биродорим, миллатдошим-ку деб ўйламаяпмиз. Мискинлар бойлар эшигига келса масхара қилиб уриб сўкиб ҳайдаяпти. Ўзимиз иссиқ пар тўшакларда ётиб, совуқдан қийналаётган, касал бўлаётган юртдошларимизни ўйламаяпмиз. Бу тўғрида гапирсам гап кўп.

Аллоҳ таолодан дуо қилайликким аждодларимиз бошига тушган мусибатлар бошимизга тушмасин. Юртимиз, миллатимиз ва динимиз душманлари йўқми? Улар кузатмоқда, пайт пойламоқдалар вақти келса оч бўридек ёпириладилар. Улар биринчи кимга ҳужум қилади? Юқорида айтганимдек амалдор, бой ва аҳли илм кишиларига, хўш улар бостириб келса, халқ тарафимизни оладими? Асло йўқ! Чунки доимо ваъдаларга ишониб келган халқ ишонмайди. Босқинчилар эса халқни янги ваъдалар бериб аврайдилар. Аждодларимизни огоҳлантирганларида барчаси ёлғон бўлиши мумкин эмас, биз кучлимиз, бизни босишга ҳеч кимни ҳадди сиғмайди дейишганди. Аммо оқиллар сўзи ҳақ бўлиб чиқди. Насиҳатни олмаганлар минг пушаймон чекишди. Шу боис кўзни очинг, бугун хатойимизни тўғрилаб, нафс жиловини тортмасак, Аллоҳ таолонинг ғазаби ёғилиши мумкин. Халқни тинка мадорини қуритманг. Душманлар сизни тинка мадорингизни қуритишади. Президентга садоқат билан хизмат қилинг ва илло душман аяб ўтирмайди. Огоҳ бўлинг халқ дардини осон қилинг, топган пулларингизни чет эл банкларига тиқманг, улардан бир сабаб, фитна билан ажраб қолсангиз пушаймон бўласиз ва Аллоҳнинг ғазабига учрайсиз. Олимлар пандига қулоқ солмаган, маддоҳлик йўлини қўймаган халқнинг охири харобдир.

Эй, бойлар жамоаси! Бойлигингиз бунданда зиёда бўлсин. Қиёматда бойлик, мансаб ва амалларимиз учун савол-жавобга тутилишимизни эсдан чиқарманг. Завод фабрикалар ва корхоналарни кўпайтиринг, мўмин биродорлар мушкулини осон қилинг. Ўз мўмин биродорларингизни ўзгалар қўлида хор бўлишига қараб турманг. Берилган умр, бойликни ғанимат билинг ва муҳтожлар мушкулини осон қилинг.

Manba: azon. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!