Тараз яқинидаги ўқ-дорилар сақланадиган омборда портлаш содир бўлди

Тараз яқинидаги ўқ-дорилар сақланадиган омборда  портлаш содир бўлди

Қозоғистоннинг Тараз шаҳри яқинидаги ўқ-дорилар сақланадиган омборда 10 октябрь, якшанба куни портлаш содир бўлди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига таяниб, «Tengrinews.kz» хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса тахминан соат 06:20 да юз берган. Жамбил вилояти Сарикемер қишлоғидаги ўқ-дорилар омбори ҳудудида аввалроқ ёнғин оқибатида зарарланган портловчи қурилма ишга тушган.

«Портлаш оқибатида ўқ-дори парчаларининг ҳавога тарқалиши кузатилмаган. Ҳодиса пайтида ҳеч ким иш олиб бормаган, яқин атрофда одамлар бўлмаган. Бино ва иншоотларга ҳеч қандай зарар етмаган. Ҳудудда вазият барқарор», дейилган хабарда.

Таъкидланишича, келажакда шунга ўхшаш ҳолатларнинг кузатилишини истисно этиб бўлмайди. Бундан ташқари, омбор ҳудудида ўқ-дориларни назорат остида йўқ қилиш амалга оширилади. Ҳозирда август ойида ёнғин содир бўлган портлаш объектларидан техник майдонни тозалаш ишлари давом этмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!