«Таълимда коррупциянинг олдини олишми ёки така бўлсин, сут берсинми?». Депутатлар мактабга қабул қилишнинг янги тартибига 6та эътирозни санашди

«Таълимда коррупциянинг олдини олишми ёки така бўлсин, сут берсинми?». Депутатлар мактабга қабул қилишнинг янги тартибига 6та эътирозни санашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров ва Расул Кушербаев пойтахт мактабларида янги ўқув йилидан болаларни 1-синфга қабул қилишнинг янги тизими жорий этилиши муносабати билан бошланган муҳокамаларга қўшилди. Депутат Кушербаев ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳаммуаллифликда ёзилган «Таълимда коррупциянинг олдини олишми ёки така бўлсин, сут берсинми? Нега Конституциямиз ва қонун нормасига зид ҳужжатлар қабул қилинмоқда?» сарлавҳали мақола матнини келтирган.

Ҳаммамиз гувоҳи бўлаётганимиздек, сўнгги вақтларда эълон қилинаётган янги қонун ва қарорлар аҳоли, жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамалари бўлиб ўтмоқда. Бунда оммавий ахборот воситалари, жумладан, телевидение, босма нашрлар ва ижтимоий тармоқларнинг ўрни жуда катта бўлаётганини ҳам эътироф этиш зарур.

Энг муҳими, бу каби муҳокамалар жараёнида ҳалқимизнинг билдираётган ҳақли эътирозларига сабаб бўлган ҳужжатлар бўйича, ваколатли давлат органлари томонидан ушбу эътирозларни ўринли деб топиб, тегишли норматив ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётгани, албатта, жамиятимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлардан дарак беради.

Лекин, халқнинг эътирозига сабаб бўладиган қарорларнинг қабул қилинишига йўл қўймаслик, аҳолининг бу каби ҳақли эътирозини уйғотадиган қарорлар қабул қилиниши олдини олиш яна ҳам яхшироқ бўлар эди, албатта.

Бироқ....

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 7 июнда эълон қилинган «Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги №-469 сонли қарори кўпчилик фуқароларимизнинг эътирозларига, жамоатчиликнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг қарори юзасидан кўплаб юртдошларимиз, сайловчиларимиз ўзларининг эътирозларини билдириб, ушбу масалада ёрдам сўраб мурожаат қилмоқдалар.

Хўш, ушбу қарорда нималар кўзда тутилган ва эътирозларга нималар сабаб бўлди?

Аввало, ушбу қарорда 2019/2020 ўқув йили учун болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш 2019 йил 20 июндан бошлаб Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали босқичма-босқич жорий этилиши назарда тутилган.

Биринчи эътироз: тегишли мактабга қабул қилиш фақатгина Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жорий этилиши назарда тутилган. Кўпчиликнинг яшаш манзили эса Давлат хизматлари маркази жойлашган ердан кўра ўша мактабга яқинроқ. Бироқ, нега ўша мактабга яқинроқ ердаги аҳолига асосий квота бўйича ушбу таълим муассасанинг ўзига бориб тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконияти берилмаяпти. Бу ахир, халқнинг яқинини узоқ, енгилини оғир қилиш эмасми?

Ушбу қарор билан тасдиқланган Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ туман (шаҳар) ҳокимликлари заруратга кўра тегишли йилнинг 1 январига қадар умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудларни тасдиқлаши белгиланган.

Иккинчи эътироз: Мактабларга ҳудудларнинг бириктириш бўйича мезонларни белгиламасдан туриб, ҳокимликларга умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудларни тасдиқлаш ваколатини беришнинг нима кераги бор? Шундоқ ҳам, ҳокимиятларга берилган ваколатлардан ноқонуний манфаатларда фойдаланилаётганига оид мисоллар етарлича эмасми? Бунинг ўрнига, таълим бериш тилини инобатга олган ҳолда тегишли таълим муассасасига энг яқин манзилда жойлашган хонадонлар ўша умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудуд деб ҳисобланишини; бунда, отаси ёки онаси I гуруҳ ногирони бўлган ҳамда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, шунингдек, шу мактабда акаси ёки синглиси ўқиётган болалар учун устуворликни белгилаш тўғри ва адолатли эмасми?

Қарор билан қабул қилинган регламентда қабул квотаси асосий ва қўшимча квота турларига ажратилган:

Асосий квота — туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан умумтаълим муассасаларига бириктирилган микроҳудудда истиқомат қилаётган фуқароларнинг фарзандлари, отаси ёки онаси I гуруҳ ногирони бўлган ҳамда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сонини инобатга олган ҳолда шакллантирилади;

Қўшимча квота — умумтаълим муассасаларининг имкониятидан келиб чиқиб, микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги, микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган, яъни тегишли йилнинг 1 январидан 31 августига қадар 7 ёшга тўлмайдиган болалар (тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган), шунингдек, умумтаълим муассасаларида таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар учун ажратилади.

Шунингдек, ушбу регламентдаги асосий квота асосида қабул қилиш тартибига кўра умумтаълим муассасаларига бириктирилган микроҳудуд бўйича тегишли йилнинг 31 декабрига қадар 7 ёшга тўладиган болалар қабул қилиниши назарда тутилган.

Учинчи эътироз: Нима учун асосий квотага таълим бериш тилини инобатга олган ҳолда тегишли таълим муассасасига энг яқин манзилда жойлашган хонадонларда яшовчи болалар тўлиқ ва тўғридан-тўғри киритилмаяпти? Бунда бошқа тилда таълим берувчи мактабга таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлган болалар нега кўрсатилмаган?

Мамлакатимиз конституциясининг 41-моддасида бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши, шунингдек, амалдаги «Таълим тўғрисида»ги қонунда мактабнинг биринчи синфига болалар олти-етти ёшидан қабул қилиниши белгилаб қўйилган (Гарчи ушбу қонун бугунги кун талабидан келиб чиқиб айтганда, янги таҳрирга муҳтож бўлса-да, бу қонун ҳали бекор қилинмаган). Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим тўғрисида»ги НИЗОМда қуйидагича белгиланган:

Давлат умумтаълим муассасаларида умумий ўрта таълим олиш бепул амалга оширилиши;

Давлат таълим стандартларига мувофиқ ҳар бир шахснинг таълим ва тарбия олишдаги конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш умумий ўрта таълимнинг мақсади ҳисобланиши;

Умумтаълим муассасаси раҳбарияти мазкур муассасага бириктирилган ҳудуддаги мактаб ёшидаги болаларни ўз вақтида умумтаълим муассасасига ўқишга жалб қилиш учун масъул ҳисобланиши;

Умумтаълим муассасаларининг I синфига 6-7 ёшли болалар тиббий хулосага мувофиқ қабул қилиниши;

Тегишли йилнинг 31 августига қадар 6,5 ёшга тўлмаган, I синфда ўқиш истагини билдирган болаларнинг ота-оналари билан умумтаълим муассасасининг педагог ходимлари ва психологи томонидан болани мактабда ўқишга жисмонан ва руҳан тайёрлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиши.

Тўртинчи эътироз: Юқоридагилардан келиб чиқиб, нима учун 6 ёшга тўлган, бироқ, тегишли йилнинг 31 декабрига қадар 7 ёшга тўлмаган болалар асосий квота асосида бепул асосда қабул қилиниши назарда тутилмаган? Бу ёшдаги болаларни асосий квота асосида қабул қилинмаслиги ҳамда уларни фақат маълум миқдордаги пул эвазига қўшимча квота асосида қабул қилиниши амалдаги конституциямиз ва қонун нормасига зид-ку! Қолаверса, ушбу регламентдаги белгиланган бу каби қоидалар, умумий ўрта таълим тўғрисидаги низом талабларига ҳам мос келмайдику?

Регламентга кўра, болаларни умумтаълим муассасаларига йўлланмалар мавжуд бўлмаганда расмийлаштиришга йўл қўйилмаслиги ҳамда боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотномада ўқишга тавсия этилган тиббий хулоса мавжуд бўлганда (соғлом эканлиги кўрсатилганда) бола умумтаълим муассасасига қабул қилиниши белгиланган.

Бешинчи эътироз: Нега, тегишли умумтаълим муассасасига йўлланмага эга ва боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотномада ўқишга тавсия этилган тиббий хулоса мавжуд бўлганда (соғлом эканлиги кўрсатилганда) болани тегишли умумтаълим муассасасига қабул қилиниши шартлиги ва ҳеч қандай асосда бундай болаларни мактабга қабул қилишни рад этиш мумкин эмаслиги кўрсатиб қўйилмаган? Бу каби мажбурият белгиланмаганидан таъмагирлик мақсадида фойдаланадиганлар топилмайдими, ахир?

Ушбу қарор билан, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб болаларни умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш жараёни Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириладиган таълим муассасалари рўйхати тасдиқланган. Шунингдек, Регламентга кўра, қўшимча квота умумтаълим муассасаларининг имкониятидан келиб чиқиб, умумтаълим муассасасининг ўқувчиларни қабул қилиш учун малакали педагог кадрлар билан таъминлангани, синф хоналарининг ўқув мебеллари билан жиҳозланганидан келиб чиқиб Кузатув кенгашининг тавсияси ва умумтаълим муассасаси раҳбарининг буюртмаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқларининг буйруғи билан тасдиқланади.

Олтинчи эътироз: Тошкент шаҳрида тўлов эвазига бир қатор мактабларга қабул қилиниши белгиланган бу тартиб жамиятимизда аҳолини бой ва камбағалга ажратишнинг ҳукумат ҳужжати билан қўллаб-қувватланган ошкора кўринишига олиб келмайдими? Умумий таълимнинг бепуллиги бўйича мавжуд Конституциявий принципга ва конституциявий ҳуқуққа путур етказибгина қолмай, жамиятимиз кучли табақалаштирилишига олиб келмайдими? Бу тартиб коррупциянинг олдини олиш эмас, балки, коррупцияга йўл қўйиб келган таълим муассасалари масъулларининг ўтмишдаги ишини беркитиш ва қонунийлаштириш дегани-ку! Аслида, бунга йўл қўйганлар қонун олдида жавоб беришлари керак!

Бундан ташқари, ушбу рўйхатга киритилган аксарият (балки барчаси ҳам бўлиши мумкин) умумтаълим муассасаларидаги ўқувчиларнинг сони ушбу муассасаларнинг қувватидан деярли икки баробарга кўп бўлиб, икки сменада ўқиш ташкил этилган-ку? Шунингдек, ушбу муассасаларнинг аксариятида кўплаб фан ўқитувчилари бўйича ҳам вакант иш ўринлари мавжуд. Нима учун, регламент талабларига жавоб бермайдиган, яъни, қувватидан ўқувчилари сони кўп бўлган, икки сменада ўқиш ташкил этилган ва фан ўқитувчилари бўйича ўқитувчилар етишмайдиган умумтаълим муассасалари қўшимча квота асосида қабул қилиниши мумкин бўлган муассасалар рўйхатига киритилган? Нима учун, халқимизнинг асосий квота ҳисобланадиган фарзандлари қўшимча пуллик квота асосда қабул қилинган ўқувчилар ҳисобига иккинчи сменада ўқиши керак? Бу каби ҳолатлар таълим сифатига ҳам салбий таъсир қилиши аниқ-ку?

Хулоса

Тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган ҳамда боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотномада ўқишга тавсия этилган тиббий хулоса мавжуд бўлган барча болаларни тегишли мактабга қабул қилишда аҳолига асосий квота бўйича тўғридан-тўғри тегишли таълим муассасасига мурожаат қилиш имконияти бериш;

Таълим бериш тилини инобатга олган ҳолда тегишли таълим муассасасига энг яқин манзилда жойлашган хонадонлар ўша умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудуд деб ҳисобланиши; бунда, отаси ёки онаси I гуруҳ ногирони бўлган ҳамда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, шунингдек, шу мактабда оиланинг бошқа фарзандлари ўқиётган болалар учун устуворликни белгилаш;

Бошқа тилда таълим берувчи мактабга таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлган болалар асосий квотани ташкил этиб, бунда, тегишли таълим муассассасига энг яқин манзилдаги хонадон фарзанларига, отаси ёки онаси I гуруҳ ногирони бўлган ҳамда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, шунингдек, шу мактабда оиланинг бошқа фарзанди ўқиётган болалар учун устуворликни белгилаш;

Қўшимча квота бўйича умумтаълим муассасаларига қабул қилиш учун микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган ҳамда тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган ҳамда боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотномада ўқишга тавсия этилган тиббий хулоса мавжуд бўлган барча болаларни тегишли умумтаълим муассасаларида 15 августга қадар келиб тушган аризалар асосида рўйхатини шакллантириш; бунда, синфлардаги ўқувчилар сонини 35 нафардан ошиб кетишига, икки сменадан ортиқ сменада машғулотлар олиб борилишига йўл қўймасдан (кейинчалик бундай мактаблар учун қўшимча бинолар қуришни назарда тутган ҳолда), зарур ҳолларда тегишли молия бўлимлари орқали янги ташкил этиладиган синфлар бўйича молиялаштириш ишларини ҳал этган ҳолда қўшимча қабулни 31 августга қадар якунлаш. Бунда, болаларнинг яшаш манзилини тегишли мактабга қанчалик яқинлигига ҳамда устуворлик ҳуқуқига қатъий амал қилиниши шарт. Қўшимча квота бўйича умумтаълим муассасаларига қабул қилишни тўлиқ бепул асосда амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Сўнгги сўз ўрнида: Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 10 миллионга яқин фарзандлари мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим тизими билан қамраб олинган. Бизнинг ҳам фарзандларимиз мактабгача таълим муассасасида, умумтаълим мактабида, олий таълим муассасида таълим олмоқдалар. Ушбу фарзандларимиз умрининг дастлабки 20 йиллари ўзининг келажаги учун пойдевор қуриш вазифасини бажариши керак бўлган таълим муассасаларида ўтмоқда. Бироқ, мамлакатимиз таълим тизимининг барча бўғинларида порахўрлик, таъмагирлик, таниш-билишчилик каби иллатлар сақланиб қолмоқда. Бошқарув тизимида кўп ҳолларда мутлақо нолойиқ, мавжуд муаммо ва камчиликлардан бехабар ёки уларга бефарқ, салоҳиятсиз раҳбарлар ишлаб келмоқда. Мавжуд муаммоларни ҳал этишнинг энг биринчи зарурий шарти бу - ўша муаммолар мавжудлигини тан олиш бўлса, иккинчи муҳим шарт ўша муаммоларни ҳал этишда жамоатчилик муҳокамалари асосида тўғри чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўлгани ҳолда, аксарият ҳолларда муаммоларни йўқдек қилиб кўрсатиш, беркитиш каби ҳолатлар мавжуд. Бугунги кунда, давлат раҳбари томонидан барча соҳалардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан катта имкониятлар, ваколатлар берилмоқда. Фойдаланилмаётган кўплаб ички имкониятлар мавжуд. Буларни инобатга оладиган бўлсак, таълим тизимида сақланиб қолаётган кўплаб муаммолардан келиб чиқиб, таълим соҳасида фаолият кўрсатаётган барча бўғиндаги масъул раҳбарларнинг фаолиятини қониқарсиз деб баҳолаш мумкин.

Мен, сиз ва бошқа юртдошларимиз ўз фарзандларимизнинг келажагини, ҳақиқатан ҳам, порлоқ бўлишини, уларни билимли, соғлом ва албатта, бахтли бўлишини чин юракдан истаймиз. Ушбу эзгу орзуларимизга барча фарзандларимиз учун бирдек сифатли таълим-тарбия беришни йўлга қўйсаккина эриша оламиз? Шундай эмасми?

Абдурашид Абдуқодиров, Расул Кушербаев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!