Талабанинг фан бўйича ўзлаштиришини баҳолашда янги намунавий мезонлар тавсия этилмоқда

Талабанинг фан бўйича ўзлаштиришини баҳолашда янги намунавий мезонлар тавсия этилмоқда

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг “Олий таълим муассасаларида талабалар ўзлаштиришини баҳолаш тизими тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси жойлаштирилди.

Низомга кўра, ҳар бир ишчи фан дастури машғулот ва баҳолаш турлари, уларнинг шакллари ва мезонлари кўрсатилган ҳолда кафедра мудири тавсияси билан олий таълим муассасаси (факультет)нинг ўқув-услубий кенгашида муҳокама этилади ва олий таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича проректори (ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари) томонидан тасдиқланади.

Фан бўйича баҳолаш турлари, шакллари, тартиби, сони ҳамда мезонлари ҳақидаги маълумотлар талабаларга профессор-ўқитувчилар томонидан дастлабки машғулотларда эълон қилинади.

Талабаларнинг фан бўйича ўзлаштириши оралиқ ва якуний баҳолаш турлари орқали аниқланади.

Оралиқ баҳолаш (ОБ) - семестр давомида ишчи фан дастурининг тегишли (фаннинг бир неча мавзуларини ўз ичига олган) бўлими тугагандан кейин талабанинг билим ва амалий кўникма даражасини аниқлаш тури ҳисобланади.

Якуний баҳолаш (ЯБ) - семестр якунида (тиббиёт олий таълим муассасаларида фан якунида) муайян фан бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларнинг талаба томонидан  ўзлаштириш даражасини аниқлаш тури ҳисобланади.

Талабалар ўзлаштиришини баҳолаш ёзма иш шаклида ўтказилганда:

ёзма ишнинг мазмуни мантиқий баён этилганлиги;
савол ва топшириқларнинг ечимига янгича услубда ёндашилганлиги;
ёзма ишни хато ва нуқсонсиз бажарилганлиги эътиборга олинади.

Тиббиёт олий таълим муассасалари учун ОБ ва ЯБ клиник фанлар бўйича - ОSCE (объектив тизимлаштирилган клиник синов) ёки назарий фанлар бўйича - ОSE (объектив тизимлаштирилган имтиҳон), ёзма, оғзаки, тест ёки уларнинг комбинацияланган  шаклларида ўтказилади.

Талабаларнинг ҳар бир семестрда фанларни ўзлаштириши ҳар бир баҳолаш турлари бўйича: 5 (аъло), 4 (яхши), 3 (қониқарли) ва 2 (қониқарсиз) кўринишида баҳоланади. 5, 4 ва 3 баҳолар ижобий ҳисобланади. Баҳолашда рақам ва матн бир хил талқин этилади.

Малакавий амалиёт, курс иши (лойиҳаси), фан (фанлараро) давлат аттестацияси, битирув малакавий иши, шунингдек магистратурада илмий-тадқиқот ва илмий-педагогик ишлар ҳамда магистрлик диссертацияси бўйича талабалар ўзлаштириши ҳам юқоридаги баҳолаш турлари бўйича баҳоланади.

Талабанинг фан бўйича ўзлаштиришини баҳолашда қуйидаги намунавий мезонлар тавсия этилади:

5 (аъло) баҳо:

хулоса ва қарор қабул қилиш;
ижодий фикрлай олиш;
мустақил мушоҳада юрита олиш;
олган билимларини амалда қўллай олиш;
моҳиятини тушуниш;
билиш, ифодалаш, айтиб бериш;
фан бўйича тасаввурга эга бўлиш.

4 (яхши) баҳо:

мустақил мушоҳада юрита олиш;
олган билимларини амалда қўллай олиш;
моҳиятини тушуниш;
билиш, ифодалаш, айтиб бериш;
фан бўйича тасаввурга эга бўлиш.

3 (қониқарли) баҳо:

моҳиятини тушуниш;
билиш, ифодалаш, айтиб бериш;
тасаввурга эга бўлиш.

2 (қониқарсиз) баҳо:

фан дастурни ўзлаштирмаганлик;
фаннинг моҳиятини билмаслик;
аниқ тасаввурга эга бўлмаслик;
мустақил фикрлай олмаслик.

Баҳолашларни ушбу фандан ўқув машғулотларини олиб борган профессор-ўқитувчилар ўтказади (тиббиёт олий таълим муассасаларида ОБ ва ЯБлар кафедрада ташкил этилган комиссия томонидан ўтказилади).

Кузги семестр натижалари бўйича академик қарздорлиги 3 тагача бўлган  талабаларга бир ойгача, баҳорги семестр натижалари бўйича академик қарздорлиги 3 тагача бўлган талабаларга, битирувчи курсдан бошқа курс талабаларига янги ўқув йили бошидан қайта топширишга қўшимча бир ой муддат берилади. Академик қарздорлиги 4 та ва ундан юқори бўлган талабаларга қайта топширишга рухсат берилмайди ва ректор (директор)нинг буйруғи билан курсдан қолдирилади. Баҳорги семестр натижалари бўйича битирувчи курс талабаларига ўзлаштирмаган фанларини (академик қарздорликни) қайта топшириш учун якуний давлат аттестациясигача бўлган муддат берилади.

Берилган муддатда академик қарздорликни қайта топширишлар сони 2 мартадан ошмаслиги керак. Иккинчи қайта топшириш факультет декани тасдиқлаган комиссия томонидан қабул қилинади.

Manba: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!