Тадқиқот: Марказий Осиёда диндорлар радикаллашмаяпти, аксинча радикаллар исломийлашяпти

Тадқиқот: Марказий Осиёда диндорлар радикаллашмаяпти, аксинча радикаллар исломийлашяпти

Марказий Осиё ҳукуматлари минтақада радикаллашиш ва дерадикаллашиш ҳақидаги ўз тасаввур ва қатъий ишончларини қайта кўриб чиқиши керак. Минтақада диндорларнинг радикаллашуви эмас, аксинча радикалларнинг исломийлашуви кетмоқда, деб хулоса қилади сиёсатшунос Ноа Такер Марказий Осиёдаги радикализацияга бағишланган янги тадқиқотда.

Минтақадаги ҳукуматлар ўз фуқароларини четдаги экстремистик гуруҳларга аъзо бўлаётганига асосий сабаб сифатида хориждан кириб келаётган ёт диний эътиқод ва амалиётларни келтиради. Бу самарасиз ёндашув, гап ғояларда эмас дейди янги тадқиқот.

Аммо Ноа Такер 2016-2018 йилларда Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистонда ўтказган тадқиқотларга таяниб, Марказий Осиёликларнинг Суриядаги можароларга аралашиб қолиши камдан-кам ҳолларда чет эллик миссионерлар фаолиятига ёки “ёт ғояларга” боғлиқ бўлганлигини иддао этмоқда.

Ушбу учта мамлакатдан Сурияга кетганларнинг асосий қисми асосан муайян ҳудудлардан (Қирғизистоннинг Ош вилояти, Қозоғистоннинг Жезқазғон вилояти ва Тожикистоннинг Хатлон вилоятидан) кетган. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларига қараганда бу ҳудудларда ижтимоий адолатсизлик масаласи мамлакатнинг бошқа минтақаларига қараганда ўта долзарб бўлгани, муаммони ечиш ҳамда аҳоли билан мулоқотнинг муқобил механизмлари йўқлиги қайд этилган.

Ноа Такернинг айтишича, тадқиқот натижалари экстремизм билан муваффақиятли кураш “ёт ғоялар”га қарши кураш ёки теологик ёндашув доирасидан чиқишни тақозо этади.

Радикаллашувга қарши курашдаги ёндашувларнинг янгиланиши Марказий Осиё аҳолиси тобора исломийлашаётган бир пайтда алоҳида аҳамиятни касб этади.

Бугун ўзини мазлум деб ҳисоблаган гуруҳлар энди мавжуд бўлмаган, обрўсизлантирилган (коммунизм каби) ёки аҳамиятини йўқотган жамоавий ўзлик ўрнига динга мурожаат қилмоқда.

Оливер Рой таъкидлаганидек, биз “исломнинг радикаллашувини эмас, балки радикализмни исломийлашаётганини кузатяпмиз”.

Оливер Рой ўзининг “Глобаллашган ислом” асаридаги “Жиҳод Қуръондан ҳам Марксга яқинроқми?” бобида иддао қилишича, ҳозирда Франциядан Сурияга кетиб ИШИД сафида курашаётганлар икки авлод олдин ўз муаммоларини ҳал қилиш учун 1960-йилларда Париждаги коммунистлар бошлаган намойишларда иштирок этган бўлар эди.

Яъни, ИШИД каби жанговор гуруҳлар тактикаларини маъқул деб топган исёнчи ёшлар динга кириб радикаллашмаган, балки улар мамлакатдаги сиёсий, ижтимоий ва шахсий вазияти туфайли аллақачон радикал кайфиятда эди ва шу кайфиятга муносиб, муайян дастак ваъда қилган радикал гуруҳни топиб, унинг фаолиятида қатнашишга аҳд қилган.

Агар ИШИД каби гуруҳларнинг жозибадорлиги уларнинг гўёки адолатни тиклаш иддаосида бўлса, демак бу гуруҳларга ёшларни қўшилиб кетиши олдини олишнинг энг самарали усули шу адолат/адолатсизлик масаласида пайдо бўлган норозилик кайфияти билан ишлаш механизмини яратишдир. Ва аксинча, бу гуруҳлар ҳимоя қилаётганини иддао қилаётган кенгроқ гуруҳ вакилларини (масалан, мусулмонларни) жазолаш/дискриминация қилиш зўравон экстремистик гуруҳларга қўшилиб кетишнинг олдини олишнинг энг самарасиз ва ҳаттоки хавфли усулидир.

Агар мақсад ҳақиқатдан ҳам зўравонлик олдини олиш бўлса, 20 йиллик аксилтеррор глобал саъй-ҳаракатлар шуни кўрсатадики, “мойил” ижтимоий гуруҳлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш билан айни дамда “душманлар” рўйхатини имкон қадар тор, ҳақиқатдан ҳам жиноятчи гуруҳлар билан чеклаш керак. Бунинг акси террорист гуруҳлар фойдасига ўйнайди ва ижтимоий норозиликни кучайтиради.

Агар биз ижтимоий норозиликни радикаллашувнинг асосий омили сифатида кўрсак, зулм кўрган, аммо ҳали радикаллашмаган фуқаролар сонини кўпайтирадиган ҳар қандай қадам аксил-самара беради. Бунда ижтимоий норозиликни айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки давлат органлари томонидан қўзғатилмаслигини айниқса муҳим аҳамиятни касб этади.

Дин ҳанузгача аҳамиятлими?

Дин асосидаги алоқалар сиёсий партиялар суст ривожланган, фуқаролик жамияти заиф бўлган миллатларда айниқса кучли бўлади. Низоларни ҳал қилиш учун сиёсий ва фуқаролик жамиятини секулар механизмларни ишлаб чиқа олмаслик ҳар қандай норозилик диний тус олиши эҳтимолини оширади. Бу нафақат аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган жамиятларга, балки Шимолий Ирландия каби мамлакатларга ҳам хос.

Дин одамга ҳаётий маънони берадиган, унга умид бағишлайдиган, яхлит дунёқарашга эга бир кучдир. Радикализм бўйича мутахассислар ИШИД ёки бошқа жангари гуруҳларга қўшилаётганлар эзгу иш қилаётганига – яъни шариат ҳукми остида адолатли жамият яратаётганига, дунёдаги адолатсизликни тўғрилаётганига чиндан ҳам ишонишини одатда ҳисобга олмайди. Шунинг учун Исломни тўғри тушунтиришда, жамоат ичида обрўга эга уламо ёки диний арбобларнинг ўрни муҳим. Бу арбоблар ИШИД каби гуруҳлар шариат асосида ҳаракат қилаётганини ёки адолатни тиклаётганини иддао қилаётган бўлса-да, аслида бу гуруҳлар на Исломга мувофиқ ҳаракат қилаётганини, на адолатни тиклаётганини жамоатга самарали тушунтириб бериши мумкин, чунки жамоат уларга ишонади.

Диний тарғибот самарасини ошириш учун, давлат ва айниқса ҳуқуқ тарғибот органлари диндор қатлам орасида кенгроқ коалицияни ташкиллаштиришга ҳаракат қилиши керак, – дейди Ноа Такер. Хусусан, диққатни эътиқод, ўзлик ва мазҳабларга эмас, хатти-ҳаракатга (зўравонликни рад этадими, йўқми) кўпроқ қаратиш керак. Секуляр давлат асосий эътиборини диндорлар қатлами муайян масалаларга ўз эътирозини билдираётганига эмас, ушбу қатлам муаммони ҳал қилишда зўравонликни рад этиши, этмаслигига қаратиши керак. Секуляр давлат ўз номи билан секуляр бўлгани учун диний баҳсларга аралашмаслиги, муайян диний қарашни (дейлик, мазҳабни) бошқа диний қарашдан устун кўриши ва айниқса тарғиб қилмаслиги керак. Давлат унинг фуқаролари қандай ибодат қилиши, қандай кийинаётганига эмас, фақатгина уларнинг хатти-ҳаракатига эътиборини қаратиши лозим. Давлат диний баҳсларда бир томонга ён босиши билан ўз секулярлигини йўқотади, бу баҳслардаги мағлубларга муайян репрессив чоралар кўриб эса билвосита экстремист гуруҳларнинг тарғиботи ва одам ёллаши учун қулай замин яратади.

Айни секуляр қонунлар остида барча учун ўз хоҳлаганича эътиқод ва ибодат қилиш (ёки қилмаслик) ҳуқуқини таъминлаш одамнинг ушбу миллатга мансублик ҳиссини кучайтиради. Экстремистик гуруҳлар ёшларга адолат ва мансублик ҳиссини, уларнинг манфаатини акс этишни ваъда қилади. Бундай чорловларга қарши курашнинг энг самарали усули шундай жамият яратишки, унда иложи борича кўпроқ фуқаролар ўз келажагини кўрсин.

Ушбу тадқиқот тақризини tarjumon.uz таржимасига асосланиб Сардор Салим ёзди.

Манба: to'g'ri.uz

P.S. Мақолада келтирилган фикрлар муаллифга тегишли бўлиб, таҳририят нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин... 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!