Тадбиркор Жаҳонгир Умаров "ҳибсхона"га келгунига қадар "калтакланган" (фото)

Тадбиркор Жаҳонгир Умаров "ҳибсхона"га келгунига қадар "калтакланган" (фото)

Тадбиркор Жаҳонгир Умаровнинг “бизнес”ини тортиб олиш учун “схема” ишлаб чиқилган. Унинг сўзларига кўра, тадбиркорлик фаолиятини тортиб олиш мақсадида уни жиноятчига чиқаришмоқчи.

Ўзбекистонда ёғ-мой маҳсулотларини қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш бўйича йирик тадбиркор бўлган Жаҳонгир Умаровнинг ҳуқуқлари “оёқ ости” қилинмоқда. У аввал Жиноят кодексининг бошқа моддаси билан, кейинчалик эса мутлоқо бошқаси билан айбланмоқда.

“UzNews.uz” мухбири Жаҳонгир Умаровга нисбатан ўтказилаётган суд тергови жараёнида қатнашиб, воқеаларнинг навбатдаги тафсилотларидан бохабар бўлди.

Жумладан, Тошкент шаҳар Олмазор туман Жиноий ишлар судида, судья Зафар Бобонов раислигида ўтказилган 24 июль кунидаги суд мажлисида гувоҳлар сўроқ қилинди.

Ижтимоий тармоқларда жуда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган Жаҳонгир Умаровнинг “калтаклангани” воқеаси суд мажлисида ҳам кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Жумладан, ўз қўли остидагиларнинг “режа”сига кўра бизнесидан ажраб бораётган Жаҳонгир Умаровга нисбатан бу сафарги “зарба” анча оғир бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси тартибини бузганликда гумон қилиниб, 2018 йилнинг 22 январь куни қўлга олинган Жаҳонгир Умаров Тошкент шаҳар ИИББ вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига келтирилган.

Суд мажлисида айнан мана шу ҳибсхонада фаолият юритадиган, Жаҳонгир Умаровни шахсан танийдиган уч нафар ИИББ ходимларининг сўзларига кўра, Жаҳонгир Умаровнинг тана қисмида турли даражадаги тан жароҳатлари аломатлари бўлган ва улар тан жароҳатлари яққол кўриниб турганига қарамасдан тиббий маълумотномасиз Жаҳонгир Умаровни ҳибсхонага қабул қилишган. Суддаги мавжуд ҳужжатларда эса айнан Жаҳонгир Умаров келтирилган куни тиббий маълумотнома бўлмаган.

Негадир Жаҳонгир Умаров 25 январь куни шифохонага олиб борилиб, унинг соғлиги борасида тиббий маълумотнома олинган.

Судга чақирилган яна бир гувоҳнинг сўзларига кўра эса, унинг Тошкент шаҳар ИИББ ЖҚБда фаолият олиб борадиган Фатҳиддин Нуриддинов исмли маҳалладоши Жаҳонгир Умаровнинг офисига бориб “театр” кўрсатиши, бу кўрсатган “актёрлик” маҳорати учун унга 50 минг сўм берилганини тан олди.

“Хизмат ваколатидан четга чиққан” Тошкент шаҳар ИИББ ходимига нисбатан тегишли тартибда ИИББ раҳбарияти чора кўргани ёки кўрмагани борасида ҳозирча бизда аниқ маълумот йўқ.

Адвокатлар судга раислик қилаётган Зафар Бобоновга, навбатдаги суд мажлисида ушбу ишни тергов қилган ИИББ терговчисини гувоҳ сифатида сўроқ қилиш учун судга таклиф қилиш борасида илтимоснома билан мурожаат қилишди.

Ушбу ҳолат юзасидан мухбиримиз суд мажлисларида қатнашиш баробарида мустақил тарзда журналистик суриштирув ҳам олиб боришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Биз тез кунда воқеаларнинг асл сабаби, Президент Шавкат Мирзиёев қўллаб-қувватлашни ваъда берган тадбиркорни “батамом йўқ қилишга” киришганлар асли кимлар эканлигини сизларга ошкор қиламиз.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!