Сурхондарёлик меҳнаткашларга юксак орден ва медаллар топширилди

Сурхондарёлик меҳнаткашларга юксак орден ва медаллар топширилди

Сурхондарё вилояти ҳокимлигида Президентимизнинг 2018 йил 8 декабрдаги “ Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида ”ги фармонига мувофиқ давлатимизнинг юксак орден ва медалларига сазовор бўлганларга мазкур мукофотларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда кейинги йилларда Ватан тараққиёти, мамлакатимиз ободлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўлида фидокорона хизмат қилаётган юртдошларимиз меҳнатини қадрлаб, уларни қўллаб-қувватлаш, муносиб рағбатлантиришга эътибор янада органи таъкидланди.

Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Б.Пўлатов Президентимизнинг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган табригини ўқиб, эшиттирди. Давлатимизнинг орден ва медаллари билан тақдирланган соҳа ходимларини касб байрамлари ҳамда юксак мукофот билан самимий табриклаб, мукофотларни ўз эгаларига тантанали топширди.  

Кўп йиллик самарали меҳнати билан мамлакатимизнинг иқтисодий қудрати ва экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожини янги босқичга кўтариш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги экинларидан сифатли, мўл ҳосил етиштириш, ер, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш каби муҳим ишларга қўшган салмоқли ҳиссаси ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун юксак мукофотларга сазовор бўлганлар сафида Термиз туманидаги “Термиз паррандачилик фабрикаси” масъулияти чекланган жамияти раиси Холмамат Нормуродов ҳам бор.  

– Меҳнат фаолиятимни бошлаганимга 45 йилдан ошди, – дейди “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Х.Нормуродов.– 35 йил раҳбарлик лавозимларида ишладим. Бу мукофотни жамоамиз меҳнатига берилган алоҳида эътибор, деб биламан. Собиқ паррандачилик фабрикасини хусусийлаштириб олганимизга бу йил 24 йил бўлди. Ўшанда озуқа етишмаслиги сабабли парваришнинг йўқлигидан воҳадаги йирик паррандачилик комплекси банкротлик ёқасига келиб қолган эди. Уни хусусийлаштириб олгач, тижорат банкининг кўмагида дастлаб озуқа базасини мустаҳкамлашга эътибор бердик. Паррандаларни кўпайтириб, босқичма-босқич модернизация қилишни йўлга қўйдик. Фабрикани хусусийлаштириб олганимизда юзга яқин киши меҳнат қилган бўлса, ҳозир 250 дан ортиқ кишининг доимий бандлигини таъминлаяпмиз. Ўша йилларда бир неча ўн минг парранда боқилган бўлса, эндиликда икки юз мингдан ортиқ товуқ парваришланаётир. Бу кейинги йилларда давлатимизнинг барча соҳалар қатори паррандачиликни ривожлантиришга қаратаётган эътиборининг ифодаси деб биламан. Етиштираётган маҳсулотимизнинг маҳаллий эҳтиёждан ортиқ қисмини қўшни давлатларга экспорт қиляпмиз. Йилнинг ўтган даврида Афғонистон ва Тожикистонга 2 миллион 800 минг дона тухум жўнатдик. Буларнинг барчаси юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир. 

Тадбирда мукофотланганлар номидан сўзга чиққан Олтинсой туманидаги “Янги турмуш” фермер хўжалиги бошлиғи, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Аҳмат Мажидов, Қумқўрғон тумани ветеринария бўлими участка бошлиғи, “Шуҳрат” медали соҳиби Баҳриддин Бабахонов ва бошқалар камтарона меҳнатларининг юксак мукофотга муносиб кўрилганидан давлатимиз раҳбарига чуқур миннатдорлик билдирди. Бу мукофот фаолиятларини янада кенгайтириб, мамлакатимиз тараққиёти ва аҳоли тўкинлиги йўлида кўпроқ меҳнат қилишга ундаганини алоҳида эътироф этди.  

Manba: uza. uz

 

 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!