Сурхондарёлик эркак укасининг оиласини судга берди, аммо...

Сурхондарёлик эркак укасининг оиласини судга берди, аммо...

Халқимиз азал-азалдан қариндошлар ўртасидаги меҳр-оқибат, аҳил-иноқлик ва тинчлик-тотувлик каби олижаноб фазилатларни улуғлаб келган. Улар қон-қариндошлик риш­таларини янада мустаҳкамлаб, жамиятда мўътадил муҳит яратади. Бироқ ҳаётда мулк, уй-жой талашиб, етти ёт бегонага айланаётган оға-инилар, бир ҳовлига сиғмай, кунаро жиққамушт бўлаётган овсинлар ҳам учраб ту­радики, бу ҳол кишини беихтиёр ўйлантириб қўяди. Қуйида баён этилаётган воқеа ҳам айнан шу ҳақида.

Шеробод туманининг «Таллимарон» маҳалласида истиқомат қилувчи Со­ра Назарова (исм-шарифлар ўзгартирилган) умр йўлдоши вафот этгач, ўзига тегишли 0.13 га томор­қа участкаси ва у ердаги уй­ни катта ўғ­ли Бахтиёр Холбоев ҳам­да қизи Барно Холбоева номига ҳадя сифатида расмийлаштириб беради. Афсуски, шу кундан бошлаб оиладан осойишталик кўтарилади. Чунки бу ҳовлида Сора опанинг кичик ўғли Алишер Холбоев ҳам турмуш ўртоғи ва уч нафар фарзанди би­лан яшаб келаётганди.

Ўз навбатида, Бахтиёр укасини оила аъзолари билан бир­га ҳовлидан кўчириб юбориш чораларини излай бошлайди. Лекин укасининг кўчиб чиқадиган уй-жойи йўқ.

Ака-уканинг можароларидан хабар топган қўни-қўшни, маҳалла кайвонилари, қариндош-уруғлар уларни инсофга чақириб, катта ҳовлида тинч-тотув яшашга ундашади. Бироқ Бахтиёр ва унинг турмуш ўр­тоғи сира муросаи-мадорага келмайди.

Охир-оқибат ўзаро тор­ти­шув ва низолар шу даражага бориб етдики, Бахтиёр Хол­боев укаси ва унинг оила аъзоларини мажбурий тартибда ҳовли-жойдан чиқариш учун судга даъво аризаси киритди.

Суд тарафларнинг фикр­ларини атрофлича муҳокама қилиб, тегишли ҳужжатлар би­­лан батафсил танишиб, ушбу низога ҳуқуқий баҳо берди.

Хусусан, Уй-жой кодексида белгиланишича, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилмаган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидир. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳам ҳақли бўлиб, оиланинг бошқа аъзоларини уй, квартира мулкдорларининг розилиги билан киритиши мумкин. Бундай вазиятда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ аъ­золари, шу­нингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.

Ушбу қонун талабларидан келиб чиқиб, суд Бахтиёр Холбоевнинг укаси Алишер Холбоевнинг оила аъзолари билан мажбурий тартибда ҳовли-жойдан чиқариш ҳақидаги даъвосини қаноатлантиришни рад этиш хусусида ҳал қи­лув қарори чиқарди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳар қандай оқил киши ўз яқинлари олдидаги инсонийлик бурчини биринчи галдаги вазифа деб билади. Қа­ерда бўлмасин, уларга мадад бўлиб, меҳр-мурувват кўрсатиш учун шошилади, ҳеч қачон улардан беминнат кўмагини аямайди. Аҳиллик бор жойда ҳеч қандай низога ўрин қолмайди.

Соҳиб Раҳимов,

фуқаролик ишлари бўйича

Шеробод туманлараро

суди судьяси,

Абдунаби Бобоёров,

журналист


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!