Сурхондарёлик аёлнинг ўғлини Миллий гвардия ходимлари калтаклагани ростми?

Сурхондарёлик аёлнинг ўғлини Миллий гвардия ходимлари калтаклагани ростми?

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарёлик аёл ўғлини калтаклаганлар устидан қилган шикояти муҳокамаларга сабаб бўлаётган эди. ИИВ бунга ойдинлик киритиб, расмий муносабат билдирди. Бу ҳақда uz24.uz ёзмоқда.

Аёл: 2018 йил 8 декабрь куни ўғлим Санжар Жумаев Ваз 2106 машинасида (давлат рақами 75 W 673 HА) Ангор туманига оилавий юмуш билан борган эди. Туман марказида тўхтаб турган пайтда Ларгус русумли (давлат рақами 75 Z 460 FА) оқ автомобиль унинг йўлини тўсиб чиқади.

Автомашинадан 5 нафар фуқаро кийимидаги нотаниш шахслар тушиб, ўзини Биз Миллий гвардияданмиз деб таништирган ва бақириб ўғлимни ҳақоратлай бошлаган.

Ўғлим Миллий гвардиячи бўлсангиз формангиз қани? деб машинасини қулфлаб олган ва Булар кўча безориси бўлса керак, тинчгина кетганим маъқул , деб машинасини ҳайдаб кетган. Ларгус дагилар эса уни изидан бир соат таъқиб этишган. Қувлаш жараёнида машинасига тошлар отиб синдиришган. Улардан яширинишга уриниб, Янги турмуш маҳалласидаги берк кўчага кириб қолган.

Бу орада ўзини миллий гвардиячи деб таништирган 5 нафар одам Дамас русумли қаймоқранг машинада етиб келган ва улар ўғлимни кўплашиб калтаклашга тушган.

Шу маҳал Матиз русумли машинада икки нафар ИИБ ходими келган. Улар зўравонликка чек қўйиш ўрнига формасиз ўзини Миллий гвардия ходими деганларга бошига урманглар, биқинига уринглар деб маслаҳат бериб турган.

Калтаклашгани етмагандек, зўравонлар ўғлимнинг оғзига мажбурлаб ароқ қуйишган. Кейин эса икки нафар ИИБ ходим бўлди, етарли деб ўғлимни судраб Ангор туман ИИБга олиб бориб қамаб қўйган.

Эртасига ИИБ ходимлари ўғлимни қўрқитиб, ҳеч қандай даъвом йўқ деган мазмунда тилхат ёздириб олган. Калтакланиш оқибатида ўғлимнинг бурун суяги синган, мияси чайқалиб, бош мия суягида қон қотиб қолган, кўз шох пардаси, қовурғаcи ва жигари жароҳатланган. Ўғлимнинг машинасига ҳам зарар етказилган.

ИИВ расмий муносабат: Баъзи ижтимоий тармоқларда Миллий гвардиячимиз деганлар ўғлимни калтаклади, ИИБ ходимлари томошабин бўлиб турди сарлавҳаси билан тарқатилган мақолага Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ойдинлик киритилди.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида, 2018 йилнинг 9 декабрь куни Ангор тумани Янги турмуш маҳалласи аҳолисидан ИИБ навбатчилик қисмидаги 102 телефонига, Шўрчи туманида яшовчи Санжар исмли шахс маст ҳолда уйига кириб, жанжал қилаётгани ва қўшниларни тинчини бузаётгани ҳақида хабар келиб тушади. Воқеа жойига ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган профилактика инспектори юборилади. Профилактика инспектори томонидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Шўрчи тумани Алишер Навоий маҳалласида яшовчи фуқаро Санжар Жумаев ўз кўрсатмасида 2018 йил 8 декабрь куни соат 12.00 ларда Ангор тумани Қадимий-Ангор маҳалласида яшовчи холасининг уйига қурилиш ишларига ёрдам бериш учун келганлигини, ишларни тугатиб, овқатланиш вақтида спиртли ичимлик исътемол қилганлигини, кейин маст ҳолатда фуқаро Ж.Назарқуловнинг уйига кириб борганлигини, фуқаро Ж.Назарқулов эса уни қўли билан уриб тан жароҳати етказганлигини маълум қилган.

Ангор тумани Тиббиёт бирлашмасининг 2018 йил 9 декабрь кунидаги далолатномасида фуқаро С.Жумаев алкогол мастлик ҳолатида бўлганлиги қайд этилган.

Сурхондарё вилоят суд-тиббий экспертиза бюросининг 2018 йил 20 декабрдаги экспертиза хулосасида, фуқаро С.Жумаевда бир қанча тан жароҳатлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ангор тумани прокуратураси томонидан ички ишлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган ва хизмат текшируви ўтказиш белгиланган. Натижада ходимларнинг хатти-ҳаракатларида қонун бузиш ҳолатлари аниқланмаган ва ушбу ҳолатда Миллий гвардия ходимлари бўлмаганлиги аниқланган. Фуқаро С.Жумаев ИИБга берган кўрсатмасида ҳам бирор марта Миллий гвардия ходимлари тўғрисида гапирмаганлигини маълум қилди.

Бугунги кунда С.Жумаевнинг тан жароҳати олиши, унга тегишли автомашинага техник шикаст етказилганлиги юзасидан айбдорларни аниқлаш мақсадида, Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан 2019 йилнинг 13 февраль куни Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Ангор тумани прокуратурасига юборилган.

Мазкур жиноят иши бўйича ички ишлар ходимларининг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш учун Ангор тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!