Сурхондарёлик аёл Жиззахга ишлашга келиб, оилали эркакни йўлдан урди

Сурхондарёлик аёл Жиззахга ишлашга келиб, оилали эркакни йўлдан урди

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида яшовчи, 1994 йилда туғилган Феруза Бойчаева (исм-шарифлари ўзгартирилди) пул зарур бўлганлиги сабабли ўзининг қишлоғида меҳнат қилишга “уялиб”, иш қидириб Жиззах шаҳрига келиб қолади. Жиззахда иш қидириб юрганида фуқаро З.Тўраева билан танишиб қолиб, унинг уйида ижарада яшаб туришга келишади. Жиззахлик Нормат Наимов “Ласетти” русумли ўз автомашинасида шаҳар ҳудудида киракашлик қилиб юрган вақти Ф.Бойчаева билан танишади. Бу ҳақда "hudud24.uz" ёзмоқда.

Бойчаева Н.Наимовга оилавий шароити оғирлиги сабаб бу шаҳарга Сурхондарё вилоятидан иш излаб келганлигини, унга иш топишда ёрдам беришини илтимос қилади. Н.Наимов сурхонлик меҳмонга йўқ дея олмай, кун бўйи икковлон унга иш қидиришади. Кечки пайт чойхонада бирга овқатланишгач, Ферузани ижара уйига ташлаб қўяди. Шундан сўнг Н.Наимов Феруза билан юлдузи-юлдузига “тўғри келиб” ўзаро ишқий муносабатларга киришиб, бутун қиш фаслини кайф-сафода ўтказдилар. “Шароити оғир” сурхонлик жувон оиласини, ёш фарзандини унутиб, бир кун ҳам ишламасдан жиззахлик жазманини канадек сўриб юриб баҳоргача шу зайлда яшаб юрди.

Билмайин тиконни босган Н.Наимов Ф.Бойчаева жонига тегдими ёки “эси” кириб қолдими, энди уни бошқа моддий таъминлай олмаслигини, ўз оиласида ҳам муаммолар кўпайиб кетганлигини айтиб, бошқа кўришмасликка қарор қилганини сўзлаганида “севгилиси”нинг асл башарасини “кўриб қўйди”. Ф.Бойчаева агар Н.Наимов уни ташлаб кетса, маҳалласига ва уйига бориб, уни ҳаммани олдида шарманда қилишини, унинг хотинбозлигини бутун оламга ёйишини айтади. Н.Наимов оиласи бузилиб кетишидан қўрқиб, унга “ҳазиллашдим” деб қўя қолади ва ичини ит тирнагандек у билан жирканч муносабатларини яна давом эттириб юради.

Шу тариқа Н.Наимов Ф.Бойчаеванинг гапларидан  қўрққанидан у билан яна 4 ой “дон олишиб” юрди. Июль ойининг охирларида Н.Наимов Ф.Бойчаевага оиласи ва фарзандлари борлигини оиласи бузилиб, фарзандлари етим бўлиб қолишини хоҳламаслигини тинч йўл билан алоқани узишини айтганида, Ф.Бойчаева ғазаб отига миниб “мен кўчада қолмаганман, мени шунчаки ахмоқ қилиб ташлаб кетолмайсан, маҳаллангга бориб қўни-қўшнинг, қариндош-уруғларингнинг олдида шармандаи шармисор қиламан, деб яна пўписа қилади. Шунда Н.Наимов ундан тинч йўл билан ажралиб кетиши учун нима қилиши кераклигини сўрайди. Ф.Бойчаева ҳам шу саволни кўпдан бери кутиб юрган шекилли, ҳозиржавоблик билан агар бир миллион сўм пул берса уни тинч қўйиши мумкинлигини очиқлайди. Н.Наимов унга бир миллион сўм пул бера олмаслигини айтганида, Ф.Бойчаева Н.Наимовнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини “залог” сифатида олиб қолиб, пулни олиб келганида ҳужжатини қайтариб беришини таъкидлайди.

Бир ҳафта юриб ҳам айтилган пулни топа олмаган Н.Наимов  ноилож вилоят ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилади. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида Ф.Бойчаева товламачилик жиноятини содир қилган пайтида қўлга олинди. Диктофондаги ўзаро суҳбатлар, махсус ишлов берилган пул боғлами, воқеа жойида олинган фотосуратлар, гувоҳларнинг кўрсатмалари Ф.Бойчаеванинг тергов давомида жиноятни содир қилганликда айблаш учун етарли асослар деб ҳисобланди. Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди Ф.Бойчаевани Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли топиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, унинг айбига иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини, жабрланувчининг давоси йўқлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб ҳисоблаб, судланувчига қўшимча тақиқлар ўрнатиб, тунги вақтда яъни кеч соат 22 00 дан, эрталаб соат 6 00 гача яшаш жойидан чиқишини чеклаш шарти билан 1 (бир) йил 6 (олти) ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!