Суриянинг янги расмийлари қочқинларни уйларига чақирмоқда
Мухолифат томонидан март ойигача муваққат ҳукумат раҳбари этиб тайинланган Муҳаммад ал-Башир хориждаги миллионлаб сурияликларни ватанларига қайтишга чақирди. Сиёсатчининг таъкидлашича, унинг асосий вазифаларидан бири қочқинларни қайтариш бўлади, уларнинг иштироки мамлакатни тиклаш учун калит деб билади.
«Мен хориждаги барча сурияликларга мурожаат қиламан: Сурия энди ғурур ва қадр-қимматга эга бўлган эркин мамлакатдир. Қайтиб келинг, биз ватанимизни қайта қуришимиз ва қайта туғилишимиз керак», — деди бош вазир.
Ал-Баширнинг аниқлик киритишича, янги ҳукумат барча фуқароларнинг дини ва сиёсий мансублигидан қатъи назар, ҳуқуқларини кафолатлайди. Сурияни озод қилиш кампаниясига раҳбарлик қилган Ҳаят Таҳрир аш-Шам диний озчиликларни, жумладан насронийлар ва алавийларни ҳам янги Сурияда хавфсизлигини кафолатлади.
Католик черкови раҳбари Рим папаси Франсиск Суриядаги диний жамоалар ўртасида «ўзаро ҳурмат»га чақирди. Ватикандаги тингловчиларида у сурияликлар тинч-тотув яшашига ва диний жамоалар миллат манфаати учун бирлашишига умид билдирди.
Мухолифат кучлари Дамашқ устидан назоратни қўлга киритгач, Суриядан қочган Башар ал-Ассаднинг ҳокимиятдан ағдарилиши унинг кланининг 50 йиллик ҳукмронлигига барҳам берди. Аммо мамлакат ноаниқлик билан юзма-юз турибди: қарийб 14 йил давом этган фуқаролар уруши 500 минг кишининг умрига зомин бўлди ва аҳолининг ярми ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди. 14 миллиондан ортиқ суриялик қочқинга айланди, 8 миллионга яқини чет элга қочишга мажбур бўлди.
Асаднинг қулаши унинг иттифоқчилари – Украинадаги можарода иштирок этаётган Россия ва Исроил зарбаларидан жабр кўрган Эроннинг заифлашиши туфайли мумкин бўлди. Энди минглаб сурияликлар Туркия, Ливан ва Европадан қайтишни бошлади.
3,7 миллиондан ортиқ суриялик қочқинга мезбонлик қилган Туркия, уларнинг ихтиёрий равишда қайтишига ёрдам беришга ва Сурияни қайта тиклашда иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Шу фонда Европанинг ўнта давлати, жумладан Германия, Австрия, Буюк Британия, Греция ва бошқа давлатлар, мамлакатдаги вазиятнинг ноаниқлиги сабабли сурияликлар учун бошпана сўраш аризаларини кўриб чиқишни вақтинча тўхтатди.