Суриядан қайтарилган аёллар ва болаларга шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар берилди

Суриядан қайтарилган аёллар ва болаларга шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар берилди

11 июнь куни Суриядаги қуролли тўқнашувлар ҳудудидан қайтарилган 156 нафар аёллар ва болаларга паспорт ҳамда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар тақдим этилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Севара Нишонова хабар берди.

Соғломлаштириш муассасида бўлиб ўтган тантанли маросимда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, вилоятлар хотин-қизлар қўмиталари раислари, республика маънавият ва марифат маркази вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этди.

Фуқаролик паспортини олган 47 нафар аёл ва туғилган ҳақидаги гувоҳнома топширилган 109 нафар болалар бугун, 12 июнь куни соғломлаштириш муассасидан уйларига кузатиб қўйилди.

Қуролли тўқнашувлар ҳудудидан қайтарилган аёллар паспортларини олар экан, кўрсатилаётган меҳр ва эътибор учун Ўзбекистон Президентига миннатдорчилик билдирди.

«Бизга кўрсатилаётган меҳр, ҳурмат-эҳтиромдан бошимиз кўкка етди. Президентимизга катта раҳмат. Бошқа юртдошларимиздан биз қилган хатоларни такрорламасликларини сўрардик», — дейди паспорт олган аёллардан бири.

«Муҳтарам юртбошимизнинг ташаббусларига кўра, бугун Суриядан келтирилган фуқароларга катта ёрдам кўрсатилмоқда.

Улар уйларига кузатилганидан сўнг улар қолган барча Ўзбекистон фуқаролари сингари қонунчиликда кўзда тутилган ижтимоий нафақа ва моддий ёрдамларни олади. Икки ҳафта давомида фуқаролар билан малакали социологлар ва психологлар ишлади.

Бундан ташқари Юнисеф ва БМТнинг юқори малакали чет эллик мутахассисларни жалб қилган ҳолда уларга жуда катта психологик ва социологик ёрдам кўрсатилди. Мутахассислар уларнинг уйга қайтишга тайёрлиги ҳақида тавсия берди. Улар жамиятга қайтишга ва ижтимоий интеграция қилинишга тайёрлиги ҳақида хулоса қилинди. Ушбу йўналишдаги ишлар бу билан тўхтаб қолмайди. Фуқаролар яшайдиган ҳудуда, ҳар бир вилоят ва туманда махсус гуруҳлар ташкил этганмиз. Гуруҳ таркибига Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, хотин-қизлар қўмитаси, дин ишлари қўмитаси, социологлар ва психологлар киритилган.

Суриядан қайтарилган боғча ёшидаги болалар мактабгача таълим муассасаларига жойлаштирилади, мактаб ёшидагилари эса ҳозир таътил пайтида мактабда таълим олишга тайёрланади.

Фуқароларнинг қандай касб ёки ҳунарга эга эканлиги ўрганилди. Улар билан меҳнат вазирлиги вакиллари суҳбатда бўлди. Ҳозирда уларнинг малакаси, қизиқиши юзасидан ўзларига мос келувчи иш ўринлари ҳақида маълумот тўпланди. Фуқаролар уйларига қайтганидан сўнг уларга мазкур бўш иш ўринлари таклиф этилади.

Уларнинг машаққатли ҳаёти психологик тамға бўлмаслиги учун жойларда тайёргарлик кўрилган.

Қуролли тўқнашувлар ҳудудидан қайтарилган фуқароларнинг Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётга бемалол мослашиб кетиши учун яратилган тизим, шарт-шароитлар хорижлик экспертлар томонидан ҳам юқори баҳоланди. Очиғини айтганда биз бу дастурларни ишлаб чиқишдан олдин биз бешта давлат тажрибасини ўргандик. Айрим қўшни давлатлар, хорижий давлатлар тажрибасини ўргандик. Хорижий экспертлар билан маслаҳатлашиб, бизга энг мос келувчи тажрибалари ўзлаштирдик», — дейди Азиз Абдуҳакимов.

Бош вазир ўринбосарининг қайд этишича, фуқароларни қайтариш «Ҳарбий тўқнашувлар ҳудудидан қайтарилган фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни жамиятга интеграция қилиш ҳақида»ги халқаро конвенциянинг барча бандларига риоя қилган ҳолда амалга оширилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!