Судьянинг фаолиятига четдан аралашиш қонуний жавобгарликни келтириб чиқаради

Судьянинг фаолиятига четдан аралашиш қонуний жавобгарликни келтириб чиқаради

Аввало шуни айтиш керакки, судлар фаолияти бошқа давлат органлари фаолиятидан тубдан фарқ қилади.

Биринчидан, вазирлик ёки ҳокимликларда кадрларни танлаш ва лавозимга тайинлаш вазир ёки ҳокимнинг ваколати доирасида амалга оширилади. Шунингдек, вазир ёки ҳоким қўл остидаги ходимлар учун масъул бўлгани ҳолда ҳар бир ходимга зарур топшириқлар бериш ваколатига ҳам эгадир. 

Судларда эса бу жараён тубдан фарқ қилади. Аниқроқ айтганда, судья ўз фаолиятида мутлақо мустақил ҳисобланади, унга бирон-бир иш юзасидан муайян қарор чиқариш ҳақида топшириқ ёки кўрсатма беришга ҳеч ким ҳақли эмас. 

Яъни судьянинг фаолиятига четдан аралашиш қонуний жавобгарликни келтириб чиқаради.

Шунингдек, судья томонидан қабул қилинган қарор фақатгина юқори инстанция судларида, уч ёки беш нафар судьядан иборат судлов ҳайъати томонидан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин. Суд қарорларини бекор қилишнинг процессуал тартиби амалдаги қонунчилигимизда аниқ белгилаб қўйилган. Айтайлик, туман, туманлараро, шаҳар суди судьяси томонидан қабул қилинган қарор, башарти апелляция инстанциясида кўрилмаган бўлса, Олий суд томонидан ҳам бекор қилишга йўл қўйилмайди. Бу тартиб одил судловнинг асосий тамойилларидан бири - судьялар мустақиллигини таъминлашнинг муҳим омилидир.

Сўнгги йилларда судлар томонидан қабул қилинган оқлов ҳукмлари сонининг ортиб бораётгани – суд тизими фаолиятидаги реал ижобий тенденциядир. Умуман айтганда, судларнинг фаолияти жамиятда қонун устуворлиги ва адолат тамойилини таъминлашдан иборатдир. Хусусан, жиноят ишлари бўйича судларда қарор қабул қилиш чоғида асосий эътибор оқлов ёки айблов ҳукми чиқаришга эмас, балки ҳар жиҳатдан қонуний, асосли ва адолатли ҳукм чиқаришга қаратилиши ғоятда муҳимдир. 

Судлар томонидан қонуний, асосли ва адолатли қарорлар қабул қилиниши замирида жамиятда адолат тамойилларини қарор топтириш, фуқарорлар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, фуқароларнинг судларга ишончини ошириш каби кўплаб мақсадлар мужассамдир.

Юқорида қайд этилганларни таъкидлашдан мақсад шуки, бугун баъзи журналист ва блогерлар томонидан судлар фаолиятига асоссиз равишда аралашиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Хўш, бундай ҳолатлар нималарда кўринади?

Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, бугун айрим журналист ва блогерлар судлар томонидан ҳали кўриб тамомланмаган иш натижаларини ўзларича шарҳлашга уринмоқда. Оммавий ахборот воситалари очиқлик ва ошкоралик тамойилини суиистеъмол қилмасликлари, бундай имкониятдан судларга босим ёки тазйиқ ўтказиш йўлида фойдаланмасликлари лозим. 

Одил судловга фақатгина иш учун аҳамиятли ҳар бир важ, далиллар синчиклаб текширилиб, қонуний баҳо берилганидан сўнггина эришиш мумкин. Қайд этмоқчиманки, одил судлов фақатгина суд залида ва суд жараёни ниҳояси бўйича амалга оширилади.

Бугунги кунда, судьялар корпуси инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун устуворлигини таъминлашни асосий қадрият ва тамойил деб ҳисоблаб, унга қатъий риоя қилмоқда. 

Устувор вазифа - суд тизимининг мустақиллиги. Бу, ўз навбатида, адолатли одил судлов ва фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини оширишнинг зарурий шартидир.          


Азиз Абидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан
ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!