Судлар мустақиллигини таъминлаш йўлида

Судлар мустақиллигини таъминлаш йўлида

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари биридир.

Ўтган  уч йил мобайнида суд тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, ҳар бир иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарори чиқарилишини таъминлашга қаратилган Президент Фармонлари қабул қилинди ва бошқа чора-тадбирлар амалга оширилди.

Биз биламизки, суд тизимида аввал суд ҳокимиятининг иккита олий органи, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судлари мавжуд эди, Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуси билан Олий хўжалик суди тугатилиб, суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тузилди, судьялик лавозимига муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартиби жорий этилди.

2017-2019 йилларда суд ишларини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш амалиётининг кенгайтирилганлиги аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва суд ҳокимиятининг очиқлигини ошириш йўлида кўрилган муҳим чора бўлди десак адашмаймиз.

Масалан, туман миқёсида таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди томонидан 2019 йилнинг 11 ойида 34 та жиноят ишлари ёки судда кўрилган ишларнинг 40 фоизидан ортиғи сайёр судларда, асосан маҳалла фуқаролар йиғинларида, фуқаролар иштирокида очиқ ва ошкора кўриб чиқилди. Сайёр суд мажлисиларининг ўтказилиши, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга, қолаверса қонунларга итоат қилиш туйғусини оширишга, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга хизмат қилади десак муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5482-сонли Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди веб-сайтида суд қарорларини тизимли равишда эълон қилиш ва қабул қилинган суд ҳужжати ўқиб эшиттирилганидан сўнг унинг мазмун-моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтирилишини суд амалиётига жорий этилгани ҳам одил судловни амалга ошириш йўлидаги муҳим ҳужжат бўлди. Бу тартибни жорий этилиши билан ҳозирда судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди веб-сайтида суд қарорларини эълон қилиниб борилаётганини ва қабул қилинган суд ҳужжатининг мазмун-моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтирилишини амалда кўрмоқдамиз.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида, “Конституцияга асосан судлар ўз фаолиятида мустақил, лекин уларнинг чинакам назоратчиси халқ бўлиши керак”лиги, Судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш биз учун энг устувор вазифадир. Айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт. Шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим”лиги ҳақида айтиб ўтилди.

Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан одил судловни амалга ошириш борасида яна бир муҳим ҳужжат қабул қилинар экан, халқнинг судларга нисбатан ишончи янада ортишига, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилинишига туртки бўлади.

                                                                                             

Авазжон Ибодов

                                                                  Жиноят ишлари бўйича

                                                                  Навбаҳор туман судининг раиси

 

Баҳодир Фармонов                                 Девонхона мудири

 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!